АҚШ БМТ штаб-квартирасини бошқа жойга кўчиришга ҳеч қачон рози бўлмайди – Небензя
Олам
−
05 Май 2023
6290Қўшма Штатлар БМТ штаб-квартирасининг Нью-Йоркдан кўчирилишига ҳеч қачон рози бўлмайди. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя “РИА Новости”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Бунинг учун БМТга аъзо давлатларнинг камида учдан икки қисмининг розилиги керак. Бир қатор ҳолатлар туфайли штаб-квартирани кўчиришни қўллаб-қувватлаётганларнинг бунга эришиши жуда қийин”, дейди Небензя.
БМТдаги доимий вакилнинг сўзларига кўра, америкаликларнинг ўзлари бунга ҳеч қачон рози бўлмайди, чунки улар учун бу ҳам обрў, ҳам бошқа нарсалар қаторида ташкилот қабул қилувчи давлатдаги ўз вазифаларини суиистеъмол қилиш, шунингдек, катта пул имкониятидир.
Небензянинг қайд этишича, Нью-Йорк БМТ штаб-квартираси шу штатда жойлашгани ва бу ерда 193 давлат дипломатлари истиқомат қилаётгани учун йилига 5 миллиард доллар олади.
Шунингдек, у АҚШ ўз манфаатлари йўлида БМТ штаб-квартираси жойлашган давлат сифатида ўз мажбуриятларини бир неча бор бузганини иддао қилган.
Маълумот учун, Нью-Йоркдаги ушбу бинодан ташқари, БМТнинг учта қўшимча минтақавий штаб-квартираси мавжуд: Женева (Швейцария), Венада (Австрия) ва Найроби (Кения). Бироқ ташкилотнинг энг муҳим қарорлари Нью-Йоркда қабул қилинади, чунки Бош Ассамблея ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишларининг аксарияти шу ерда ўтади.
Умуман олганда, дунёнинг 170 га яқин давлатидан 61 мингга яқин ходим БМТнинг ишчи органлари, агентликлари ва марказларида ишлайди. Ташкилотнинг барча ходимларининг тахминан учдан бир қисми Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи Ишлар вазирлиги халқаро ташкилотлар департаменти директори Пётр Иличев БМТ штаб-квартирасини Нью-Йоркдан нейтралроқ нуқтага, масалан, Женева ёки Венага кўчиришни таклиф қилганди. Бунга жавобан ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш штаб-квартиранинг қаерда жойлашиши ёки йиғилишлар қаерда ўтказилиши масаласи аъзо давлатларнинг қарори эканини айтганди