АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазо бўйича резолюция лойиҳасига яна вето қўйди
Олам
−
21 Февраль
4515Америка Қўшма Штатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция лойиҳасига яна вето қўйди. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Кеча, 20 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Жазоир томонидан тақдим этилган Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи, тинч аҳолига қаратилган барча ҳужумларни қоралаган ва мажбурий кўчирилишига қарши чиққан резолюция лойиҳасини овозга қўйди.
15 аъзодан иборат БМТ Хавфсизлик Кенгашида Буюк Британия бетараф қолди, АҚШ вето қўйди, 13 давлат эса резолюцияни ёқлаб овоз берди.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд овоз беришдан олдин баёнот бериб, АҚШ Исроил, ҲАМАС, Миср ва Қатар билан маҳбусларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганини эслатди. Унинг таъкидлашича, агар бу борада келишувга эришилса, 6 ҳафталик пауза эълон қилинади.
Гринфилднинг айтишича, дипломатия вақт талаб этади ва у ердаги воқеликларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Жазоирнинг резолюцияси лойиҳаси эса музокараларга салбий таъсир қилади.
Жазоирнинг БМТдаги доимий вакили Амар Бенжама овоз беришдан олдин резолюцияга қарши чиқмасликка чақирди.
“Резолюция лойиҳасига қарши чиқиш Фаластин халқига қилинган шафқатсиз зўравонлик ва жамоавий жазони қўллаб-қувватлаш демакдир. Ҳар бир фаластинлик ўлим ва геноцид нишони. Кенгаш ўт очишни тўхтатишга чақиришидан олдин яна қанча бегуноҳ ҳаётни қурбон қилиш керак?” дейди Жазоир вакили.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ўз мамлакати 2023 йил 16 октябрда ўт очишни тўхтатишга чақирганини, бироқ бу қабул қилинмаганини эслатди.
“Ҳаракатсизликнинг баҳоси 28 мингдан ортиқ қурбонлардир. Бунинг учун умумий масъулият БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлган Ғарб давлатлари зиммасига тушади”, дейди Россия вакили.
Маълумот учун, АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида 2023 йилнинг 16, 18 ва 25 октябрь ҳамда 8 декабрь кунлари овозга қўйилган Ғазо бўйича резолюция лойиҳаларига вето қўйган. Шунингдек, 2023 йил 13 декабрда БМТ Бош Ассамблеясида 153 давлат томонидан ёқлаб овоз берилган Ғазода зудлик билан гуманитар ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасининг қабул қилинишига қарши чиққан 10 давлатдан бири ҳам АҚШ эди.
LiveБарчаси