АҚШ бир қатор давлатларга нисбатан савдо текширувларини бошлади
Олам
−
12:13 1336 2 дақиқа
АҚШ Европа Иттифоқи, Хитой, Ҳиндистон ҳамда яна бир қатор давлатларга нисбатан савдо сиёсати бўйича текширувларни бошлади. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълум қилинишича, текширувлар ишлаб чиқариш саноатида ортиқча қувват пайдо бўлишига олиб келадиган ва АҚШ савдосига тўсқинлик қиладиган қоидалар, сиёсатлар ҳамда амалиётларни аниқлашга қаратилган.
АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грирнинг таъкидлашича, Қўшма Штатларнинг кўплаб савдо ҳамкорлари ички бозорда истеъмол қилинадиган ҳажмдан кўра кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Унинг сўзларига кўра, бундай ортиқча ишлаб чиқариш глобал бозорларда нархларнинг сунъий равишда пасайишига олиб келади ҳамда АҚШдаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказади.
Грирнинг қайд этишича, бу ҳолат Америка саноатининг рақобатбардошлигини сусайтиради ва мамлакат ичидаги ишлаб чиқариш тармоқларига инвестициялар киритилишига салбий таъсир кўрсатади.
Текширувлар 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 301-бўлими асосида олиб борилмоқда. Ушбу норма АҚШ Президентига мамлакат савдосига зарар етказадиган ёки адолатсиз деб баҳоланган хорижий савдо амалиётларига қарши турли чоралар – жумладан, тарифлар жорий этиш ёки бошқа чекловлар қўллаш имконини беради.
Хабарга кўра, текширувлар фақат Европа Иттифоқи, Хитой ва Ҳиндистон билан чекланмайди. Улар Бангладеш, Вьетнам, Индонезия, Камбоджа, Жанубий Корея, Малайзия, Мексика, Норвегия, Cингапур, Таиланд, Швейцария, Япония ва Тайван каби давлатларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп янги глобал импорт божларини 15 фоизгача оширмоқчи экани ҳақида хабар берилганди. Бу қарор Олий суд унинг аввал жорий этган кенг қамровли тарифларини бекор қилганидан кейин қабул қилинган.