АҚШ Бағдоддаги нишонга зарба берганини тан олди
Олам
−
05 Январь
6646АҚШ Мудофаа вазирлиги “Ҳизбуллоҳ ал-Нужаба” қўмондонларидан бирини йўқ қилиш учун Бағдоддаги нишонга зарба берганини тасдиқлади. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер брифингда маълум қилди.
Расмийга кўра, кеча, 4 январь куни Ироқ вақти билан тахминан тушда АҚШ кучлари Абу Тақва номи билан танилган Муштақ Жавод Қосим ал-Жаварийга қарши “керакли ва мутаносиб чора кўрган".
Райдернинг таъкидлашича, Абу Тақва Америка ҳарбийларига қарши ҳужумларни режалаштириш ва тайёрлашда иштирок этган. Пентагон воизи зарба мудофаа характерига эга экани, тинч аҳолига зарар етмаганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 январь куни Ироқ пойтахти Бағдод шарқида жойлашган “Ал-Ҳашд аш-Шабиий” бўлинмаларидан бирининг штаб-квартирасига учувчисиз самолёт ҳужум қилганди. Ироқ Бош вазири Муҳаммад ас-Суданийнинг ҳарбий матбуот котиби генерал Яҳё Расул ҳужумда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияни айблаганди. У ҳужум оқибатида Ироқ пойтахтида одамлар ҳалок бўлгани, бу воқеа Ироқ Қуролли кучлари ва халқаро коалиция ўртасидаги барча келишувларни бузишини айтганди.