АҚШ “аср келишуви” бўйича маълумот берди
Олам
−
24 Июнь 2019
6097АҚШ Президенти администрацияси Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш бўйича ишлаб чиқилган “аср келишуви”нинг иқтисодий қисми бўйича маълумот берди. Концепция АҚШнинг Фаластин, Иордания, Миср ва Ливан иқтисодига 50 млрд доллар киритишини кўзда тутади. Бу ҳақда Оқ уй расмий сайтида эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, алоқаларни барқарорлаштириш бўйича режа расман – “Тараққиёт учун тинчлик” деб номланган. Оқ уйнинг таъкидлашича, “Тараққиёт учун тинчлик” Фаластин тарихида янги саҳифа очиши мумкин.
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куёви, маслаҳатчиси Жаред Кушнер ва халқаро музокаралар бўйича махсус вакил Жейсон Гринблатт раҳбарлигида икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланаётган режага кўра, АҚШ 10 йил давомида Фаластин иқтисодига 27,5 млрд доллардан кўпроқ, Мисрга 9,1 млрд, Иорданияга 7,4 млрд ва Ливанга 6,3 млрд доллар инвестиция киритади.
Фаластинда амалга ошириладиган лойиҳалар иқтисодиёт, тиббиёт, таълим, давлат сектори ислоҳоти, спорт ва маданият соҳаларига тааллуқли бўлади. Иордания, Миср ва Ливанда эса инвестициянинг катта қисми транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади.
Маълумот учун, Фаластин-Исроил муаммоси ўтган асрнинг ўрталаридан бугунги кунгача сақланиб қолаётган энг долзарб халқаро муаммо ҳисобланади. Можарога янада йирик ҳисобланган араб-исроил муаммосининг бир қисми ҳисобланади.
Фаластин-Исроил қуролли можароси 1948 йилда яҳудийлар давлати ташкил топиши ва улар Фаластин арабларининг ерини эгаллаб олиши билан бошланади. Исроил ўзига ажратилган ҳудудлар билан қониқмай, Фаластин арабларининг ерини ҳам эгаллаб олган. Исроилга қарши қатор араб давлатлари ҳам уруш очиши билан можаро географияси кенгайган ва ҳозиргача ўз ечимини топа олмаган.
LiveБарчаси