АҚШ Афғонистон жанубидаги “Толибон” позицияларига зарба берди 

Олам

image

АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятининг маъмурий маркази Лашкаргоҳ шаҳрида “Толибон” ҳаракати позицияларига ҳужум қилди. Бу ҳақда Афғонистон Мудофаа вазирлиги Матбуот котиби Фавад Омон маълум қилган.  

Унинг айтишича, ҳаво ҳужумлари натижасида 7 нафар жангари, “Толибон”нинг кўплаб қуроллари ва ўқ-дорилари йўқ қилинган. Ҳаракатнинг ўзи бу хабарларга ҳозирча изоҳ бермаган. 

“Толибон” ҳаракати ҳар куни Афғонистоннинг тобора кўпроқ туманларини эгалламоқда. Жорий йилнинг июнь ойи охирида “Толибон” Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадаги деярли барча туманларни эгаллаб олган. 22 июнь куни жангарилар Тожикистон билан чегарадош шимолий Қундуз вилоятидаги “Ширхон” назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олган. 

8 июль куни улар Эрон билан чегарадаги “Ислом Қалъа” назорат-ўтказиш пунктини, 14 июль куни Покистон билан чегарадаги “Спин Болдак” назорат-ўтказиш пунктини назорат остига олган. 

“Толибон” ҳар икки томондан Афғонистондан Ўзбекистонга олиб бориладиган энг муҳим савдо йўли — “Ҳайратон” назорат-ўтказиш пунктини, шунингдек, Фараҳ вилоятининг Эрон билан чегарадош “Абу Насир Фараҳий” пунктини ўраб олган. Мамлакат жануби-ғарбида толиблар Ғазни вилояти томон ҳаракатлана бошлаган. 

“Толибон” Бадахшон, Тахор, Ғазни, Ҳирот, Қандаҳор ва Бадғис вилоятларига ҳужумларини кучайтирган. Маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар берилишича, ҳозирда “Толибон” Афғонистоннинг 407 туманининг 150 таси устидан назорат қилади. Ҳукумат кучлари эса 34 вилоятни назорат қилади.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг