АҚШ афғон қочқинларига ёрдам бермоқчи: Байден 500 миллион доллар маблағ ажратди

Олам 2678
image

Кеча, 16 август куни АҚШ Президенти Жо Байден афғон қочқинларига ёрдам сифатида 500 миллион долларгача маблағ ажратишни буюрди. Бу ҳақда Байденнинг АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга юборган хабарномасида маълум қилинган.

Блинкенга жўнатилган хабарнома матни Оқ уйнинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Унда айтилишича,  бу маблағ айни пайтда Афғонистонда содир бўлаётган  вазиятлар муносабати билан ажратилади. Шу жумладан,  маблағнинг бир қисми АҚШнинг иммиграцион визаларини олиш учун мурожаат қилган афғон фуқаролари эҳтиёжларини таъминлашга йўналтирилади.

Маълумот ўрнида, июль ойи бошида Байден Америка қўшинларига ёрдам кўрсатган афғон фуқароларини тинч жойга эвакуация қилиш учун 100 миллион долларгача маблағ ажратишга рухсат берган эди.

Қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берди ва мамлакатни тарк этди. Кейинроқ у қон тўклишини олдини олиш учун шундай қилганини айтди.

Бошқарувсиз қолган Афғонистон ҳарбийлари эса мамлакатдан қочишга ҳаракат қилмоқда ёки толибларга таслим бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Афғонистон Президенти (эндиликда экс-президент) Ашраф Ғани АҚШ Президенти билан учрашганди. Суҳбат давомида Байден Ғанига 3 млрд доллар молиявий ёрдам ваъда қилганди.

Дурдона Пирназарова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 80
Рейтинг: 2.9
t
×