АҚШ Адлия вазирлиги Миннесотадаги қотиллик бўйича охирги хулосани берди

Олам

image

АҚШ Адлия вазирлиги Миннесота штатида муҳожирларни қўлга олиш операцияси пайтида ICE агентлари томонидан АҚШ фуқаросининг ўлдирилиши муносабати билан “инсон ҳуқуқлари бузилиши” бўйича тергов ўтказишга асос йўқлигини билдирди. 

7 январь куни Миннеаполисда (Миннесота штати) Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) агентларининг қуролли аралашуви оқибатида АҚШ фуқаросининг вафот этиши билан боғлиқ можаро тобора авж олмоқда. 

Адлия вазири ўринбосари Тодд Бланшнинг маълум қилишича, “ҳозирги пайтда фуқаронинг инсон ҳуқуқлари бузилганлиги бўйича тергов ўтказиш учун етарли асослар мавжуд эмас”.

Шу билан бирга, номи ошкор қилинишини истамайдиган икки манба Associated Press’га хабар беришича, ўтган ҳафта Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳуқуқлари бўлими ҳуқуқшунослари ФҚБ олиб бораётган терговнинг ҳозирги босқичида иштирок этмасликлари ҳақида хабардор қилинган. 

Аввалги маъмуриятлар даврида федерал хавфсизлик кучлари томонидан фуқароларга қарата ўқ узиш ҳолатлари кўпинча инсон ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши деб баҳоланиб, Фуқаролик ҳуқуқлари бўлимига тергов учун топширилган. Ушбу бўлимни жорий ишга жалб қилмаслик тўғрисидаги қарор кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Воқеалар ривожи

7 январь куни Миннеаполисда ноқонуний муҳожирларни қўлга олиш операцияси чоғида ICE агентлари автомобилда бўлган АҚШ фуқаросини отиб ташлаган. 

Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг айтишича, аёл ICE ходимларини ўз машинаси билан босиб кетмоқчи бўлган, шундан сўнг ходимлардан бири ўзини ва атрофдагиларни ҳимоя қилиш учун тезда ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўт очган.

Гувоҳлар томонидан уяли телефонларга ёзиб олинган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеода аёл ўз машинасида йўл ўртасида бўлаётган воқеаларни кузатиб ўтирганини кўриш мумкин. 

Агентлардан бири машина эшигини куч билан очишга уринмоқда. Шундан сўнг аёл рулни кескин бураб, кетмоқчи бўлади. Шу пайт бошқа ICE агенти машинанинг олд қисмига яқинлашади ва яқин масофадан учта ўқ узади. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг