АҚШ 2001 йилдаги терактлар туфайли қанча зарар кўрди?
Олам
−
11 Сентябрь 2021
6825Бугун, 11 сентябрь куни АҚШда инсоният тарихидаги энг даҳшатли терактлар содир бўлганига 20 йил тўлди. Дунёга машҳур “The New York Times” нашри мазкур фожиа АҚШга қанча зарар келтирганини ҳисоблади.
Нашр ўндан ортиқ расмий ва мустақил манбалардан маълумотларни йиғиб, 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан келиб чиққан зарарни 3,3 триллион долларга (2011 йилги доллар нархига кўра) баҳолаган.
Жисмоний шикастланиш ва қурбонлар
Тор маънода 11 сентябрь хуружлари натижасида етказилган зарар 55 миллиард долларга баҳоланган: бу вайрон бўлган ва зарар етган биноларни, талафот кўрган ускуналар ва бошқа мулкларни тиклаш харажатларини ўз ичига олган. Ҳисобот, шунингдек ҳалок бўлган инсонлар ҳаётининг “қиймати”ни ҳам ўз ичига олган — 24 миллиард доллар. Ҳужумларда жами 2977 тинч фуқаро ҳалок бўлган.
Бизнесдаги йўқотишлар
Навбатдаги йўқотишлар бизнес билан боғлиқ (40-123 миллиард доллар). Бу йўқотишлар вайрон бўлган Жаҳон савдо марказидан компанияларни бошқа офисларга кўчириш харажатлари ва уларнинг иши касод бўлиши оқибатидаги зарарлар (22 миллиард доллар) ва 2003 йилгача кузатилган ҳаво қатновининг умумий камайишини ўз ичига олган (39 миллиард доллар).
Билвосита ва яширин йўқотишлар
11 сентябрь терактларининг иқтисодий таъсирини билвосита баҳолашда, нашр АҚШнинг 2011 йилги ички хавфсизлик ва разведка фаолиятини кучайтириш учун янги терактларнинг олдини олиш мақсадида қўшимча 470 миллиард долларлик харажатларини ҳам ҳисобга киритган. 2021 йилга келиб, бу миқдор кўпайиши керак, чунки 2001 йилдаги терактлардан кейин кўплаб хавфсизлик чоралари ва стандартлари доимий равишда ўзгариб турган. Шундай қилиб, 2001 йил ноябрь ойида аэропортлар ва самолётлар хавфсизлиги учун жавобгар бўлган АҚШ Транспорт хавфсизлиги агентлиги тузилган. Агентликнинг 2020 молия йили учун бюджети тахминан 7,7 миллиард долларни ташкил этган. 11 сентябрь терактларининг “яширин” оқибатлари орасида авиация хавфсизлиги чоралари кучайтирилиши туфайли аэропортларда кутиш вақтининг кўпайиши йилига тахминан 10 миллиард долларга баҳоланган. Шунингдек, ҳужумлардан сўнг баъзи одамлар самолётдан кўра машинани афзал кўра бошлаган. Корнелл университети иқтисодчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳужумлардан кейинги икки йил ичида АҚШда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида яна 2300 киши ҳалок бўлган, бу эса 19 миллиард долларлик иқтисодий йўқотишдир.
АҚШга 8 трлн долларга тушган Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий кампаниялар харажатини ҳам йўқотишлар қаторига қўшиш ёки қўшмаслик асосий масала ҳисобланади. Агар бу суммалар ҳам зарар деб ҳисобланса, йўқотишлар каррасига ошади.
“Терроризмга қарши уруш”нинг нархи
2001 йил 11 сентябрдаги терактлар Американинг мудофаа ва хавфсизлик сиёсатини қайтариб бўлмайдиган даражада ўзгартирди: Қўшма Штатлар глобал миқёсда террорга қарши уруш бошлади, бу кенг маънода нафақат Афғонистондаги урушни, балки Ироқдаги кампанияни, шунингдек Покистон, Яман, Сомалидаги яширин махсус операцияларни ҳам қамраб олди. Фақат 2013 йилда АҚШ Президенти Барак Обама кичик Бушдан мерос қолган террорга қарши уруш тугаганини риторик тарзда эълон қилди.
Браун университети қошидаги Уотсон халқаро ва жамоатчилик билан алоқалар институтининг Costs of War лойиҳаси АҚШнинг 2001 йил 11 сентябрдан 2022 йилгача молиявий операциялари умумий харажатларини 5,8 триллион долларга баҳолайди. Бу миқдор Афғонистон ва Ироқдаги уруш қатнашчилари учун 465 миллиард долларлик тиббий ва ижтимоий таъминотни ўз ичига олади.
Америка институти маълумотларига кўра, 2023-2050 молия йилларида фахрийларга ғамхўрлик қилишнинг тахминий харажатлари (тахминан 2,2 триллион доллар) ҳисобга олинса, Америка урушларининг умумий қиймати 8 триллион долларга кўтарилади. Шунингдек, унинг ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон, Ироқ ва бошқа “қайноқ” нуқталарда 15 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий ва тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден Адлия вазирлигига 2001 йил 11 сентябрдаги теракт бўйича суриштирувларга доир махфий маълумотларни очиқлашни буюрганди.
Шундан сўнг, Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Жаҳон савдо марказига қилинган ҳужумнинг яна икки қурбони аниқланганди.
Терактда қурбон бўлганларнинг оилаларига 20 йил давомида 8 миллиард доллардан ортиқ пул тўлангани ва ХХI асрнинг энг мудҳиш қирғини сифатида тарихга кирган террористик актга оид махфий суратлар эълон қилинганди.