11 сентябрь терактидан 20 йил ўтиб икки қурбоннинг шахси аниқланди
Жамият
−
08 Сентябрь 2021
15903Қарийб 20 олдин Aмерика Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Жаҳон савдо марказига қилинган ҳужумнинг яна икки қурбони аниқланди. Бу ҳақда РИA Новости хабар берди.
Қайд этилишича, Нью-Йоркдаги бош врачнинг идораси бугун, 8 сентябр куни 2001 йилнинг 11 сентябрь куни рўй берган Жаҳон савдо марказидаги фалокат қурбонларининг яна икки нафари шахсини аниқлаган.
Қурбонлардан бири Хемпстедлик аёл Дороти Морган бўлган. Иккинчиси эса эркак киши бўлиб, унинг исми оила аъзоларининг илтимосига биноан ошкор қилинмаган.
Ҳозиргача ушбу терактда қурбон бўлган 2977 кишидан 1646 нафарининг шахси аниқланган, холос. Қолган 1106 нафар қурбоннинг кимлиги номаълумлигича қолмоқда.
Маълумот ўрнида, 2001 йил 11 сентябрь AҚШ тарихида ўчмас “доғ” бўлиб қолди. Шу куни Aмерикада дунёдаги энг қўрқинчли ва қонли террорчилик ҳаракати амалга оширилди.
Йирик мегаполислар Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётларининг бошқарувини қўлга олган бир гуруҳ террорчилар Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси – Пентагонга бориб урилди.
Террорчиларнинг Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази эгизак биноларини қулатиши оқибатида 3 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, яна 6 минг атрофида одам талафот кўрган. Расмий маълумотларга кўра, Нью-Йоркда – 2753, Вашингтонда – 189, Пенсильванияда – 44 киши вафот этган. Ҳалок бўлганлар орасида 3 ўзбекистонлик ҳам бўлган.
11 сентябрь хуружидан бери ўтган қарийб 20 йил давомида Нью-Йоркнинг Манҳеттен тумани гуллаб-яшнади. Шаҳарда қайта қуриш ишлари ҳануз давом этмоқда. Маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар Нью-Йоркнинг тинч ва хавфсиз эканидан мамнун, аммо 2001 йилги фожиа кўпчиликнинг қарашларини ўзгартирган.
LiveБарчаси