11 сентябрь теракти қандай бўлганди? АҚШ Махфий хизмати эксклюзив суратларни эълон қилди

Олам 42931
image

Aмерика Қўшма Штатларининг Махфий хизмати 2001 йил 11 сентябрь теракти амалга оширилганига 20 тўлиши арафасида дунёни ларзага келтирган ва ХХI асрнинг энг мудҳиш қирғини сифатида тарихга кирган террористик актга оид махфий суратларни эълон қилди. Расмлар хизматнинг Twitter’даги саҳифасида пайдо бўлди. 

Ушбу расмлар фожиа юз берган жойда ишлаган хизмат ходимлари томонидан тақдим этилган ва “Биз ҳеч қачон унутмаймиз” деган ҳэштег билан тармоққа жойланган.

Маълумот ўрнида, 2001 йил 11 сентябрь AҚШ тарихида ўчмас “доғ” бўлиб қолди. Шу куни Aмерикада дунёдаги энг қўрқинчли ва қонли террорчилик ҳаракати амалга оширилди. 

Йирик мегаполислар Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётларининг бошқарувини қўлга олган бир гуруҳ террорчилар, Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатидаги мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси – Пентагонга ҳужум қилди.

Террорчиларнинг Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази эгизак биноларини қулатиши оқибатида 3 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, яна 6 мингга яқин одам жабрланган. Расмий маълумотларга кўра, Нью-Йоркда – 2753, Вашингтонда – 189, Пенсильванияда – 44 киши вафот этган. Ҳалок бўлганлар орасида 3 ўзбекистонлик ҳам бўлган. 

Ҳозиргача ушбу терактда қурбон бўлган жами 2977 кишидан 1646 нафарининг шахси аниқланган, холос. Қолган 1106 нафар қурбоннинг кимлиги номаълумлигича қолмоқда.  

11 сентябрь хуружидан бери ўтган қарийб 20 йил давомида Нью-Йоркнинг Манҳеттен тумани гуллаб-яшнади. Шаҳарда қайта қуриш ишлари ҳануз давом этмоқда. Маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар Нью-Йоркнинг тинч ва хавфсиз эканидан мамнун, аммо 2001 йилги фожиа кўпчиликнинг қарашларини ўзгартирган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2023
Рейтинг: 3.1
t
×