АҚШ ҳусийларга қарши операция эълон қилди
Олам
−
19 Декабрь 2023
8089АҚШ ҳукумати ва бошқа баъзи давлатлар Ямандаги ҳусийларнинг ҳужумларидан келиб чиқиб, Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш мақсадида операция ўтказиш ниятида. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг кеча, 18 декабрь куни эълон қилинган баёнотида айтилди.
“Ямандаги ҳусийларнинг сўнгги пайтларда ўйланмасдан қилинган ҳужумларининг кучайиши эркин савдога таҳдид солади, бегуноҳ денгизчиларни хавф остига қўяди ва халқаро қонунларни бузади”, дейилади баёнотда.
Унда Қизил денгизда кемаларнинг эркин ўтиши халқаро савдо учун ниҳоятда муҳим экани таъкидланган.
"Навигация эркинлигининг асосий тамойилини қўллаб-қувватлашга содиқ бўлган давлатлар халқаро сувлардан қонуний равишда ўтаётган кўплаб давлатларнинг савдо кемаларини нишонга олган баллистик ракеталар ва учувчисиз учиш қурилмалари билан боғлиқ нодавлат иштирокчилар томонидан қўйилган чақириқларга жавоб бериш учун кучларини бирлаштириши керак", дейди Остин.
АҚШ Мудофаа вазири ҳусийлар билан боғлиқ вазиятни жамоавий ҳаракатни талаб қиладиган халқаро муаммо эканини айтди.
“Мен Бирлашган денгиз кучлари ҳомийлигида ва уларнинг Қизил денгиз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 153-ишчи гуруҳи раҳбарлигида муҳим янги халқаро ташаббус бўлган “ Prosperity Guardian” операциясини эълон қиламан”, дейди Остин.
Унинг айтишича, операция барча мамлакатларнинг навигация эркинлигини таъминлаш, минтақавий хавфсизлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш мақсадида Қизил денгиз жануби ва Адан кўрфазидаги хавфсизлик муаммоларига биргаликда жавоб беришга қаратилган. Ҳужжатга кўра, операция иштирокчилари қаторига Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция киради.
Эслатиб ўтамиз, Ғазо секторида Фаластин-Исроил можароси авж олганидан сўнг, Ямандаги ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштиришини ва Фаластин анклавидаги операция тўхтатилмагунча Исроилга тегишли кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслигини маълум қилган. Шундан сўнг ҳусийлар бир неча бор Қизил денгизда сузаётган кемаларга ҳужум қилди.
LiveБарчаси