АҚШ ҳусийлар учирган 20 дан ортиқ дрон ва ракетани уриб туширди
Олам
−
10 Январь
3282Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги савдо кемаларига янги ҳужум уюштирди. Бу ҳақда кеча, 9 январь куни кечқурун АҚШ Қуролли кучлари минтақавий қўмондонлиги хабар берди.
Билдирилишича, АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучлари Қизил денгиз жанубига халқаро юк ташиш йўналишлари ва улардаги ўнлаб савдо кемалари томон отилган 18 та дрон ва 3 та ракетани уриб туширган. Қурбонлар ёки яраланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этилишича, ҳусийлар ҳужум қилиш учун Эрон томонидан ишлаб чиқарилган OWA UAVS дронлари, кемаларга қарши қанотли ва баллистик ракеталардан фойдаланган. Улар Американинг USS Dwight D. Eisenhower, USS Gravely, USS Laboon, USS Mason авиаташувчилари, шунингдек, Британиянинг HMS Diamond самолётлари томонидан уриб туширилган.
Маълумот учун, бу ўтган йилнинг 19 ноябридан бери Қизил денгиздаги тижорий юк ташиш йўналишларига ҳусийларнинг 26-ҳужумидир.
Исроилнинг Ғазода ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг, Яман ҳусийлари Қизил денгизда савдо кемаларига ҳужум қила бошлади. Бир қанча юк ташиш компаниялари, хусусан, Германиянинг Hapag-Lloyd ва Даниянинг Maersk, шунингдек, Mediterranean Shipping Company (MSC) ва CMA CGM ўз кемаларини Қизил денгиз ва Араб денгизидаги Адан кўрфазини боғлайдиган Боб ал-Мандеб бўғози орқали жўнатишни вақтинча тўхтатишларини эълон қилди.
18 декабрь куни Қўшма Штатлар энг муҳим юк ташиш савдо йўлларидан бири хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Prosperity Guardian” халқаро операцияси бошланганини тасдиқлади. Пентагон маълумотларига кўра, унда Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Франция иштирок этмоқда. Ўшандан бери юк ташувчи компаниялар Қизил денгиз ва Адан кўрфази орқали ҳаракат тиклангани ҳақида хабар берган.
Тинчлик даврида бутун дунё денгиз транспортининг 10-12%, нефть ташишнинг тахминан 5% ва контейнер ташишнинг тахминан 30% қисми Қизил денгиз орқали ўтарди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь