АҚШ ҳудудий яхлитлик важида кимни қўлламоқчи: Озарбайжонними ёки Арманистонни?
Олам
−
23 Сентябрь 2023
6380АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги гуманитар вазиятдан чуқур хавотир билдирди ва инсонпарварлик ташкилотларининг ёрдамга муҳтож одамларга тўсиқсиз кириши зарурлигини таъкидлади. У бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни Нью-Йоркдаги матбуот анжуманида сўз очди.
Блинкен (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ муаммоси контекстида Вашингтон куч ишлатишни номақбул деб ҳисоблаши, чунки бу Арманистон ва Озарбайжон ҳамда Қўшма Штатлар томонидан олиб борилаётган тинчлик саъй-ҳаракатларига зид келишини айтди.
Журналистлардан бири Блинкенга яқинда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали суҳбатида Қўшма Штатлар Арманистоннинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтганини эслатди.
“Қўшма Штатлар Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини, жумладан (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда ҳам тиклаш ҳуқуқини тан оладими?” деб сўради журналист.
Бунга жавобан Блинкен шу ҳафта ҳам Бош вазир Пашинян, ҳам Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан гаплашганини ва бу суҳбатларда АҚШнинг сўнгги воқеалар, хусусан, Озарбайжоннинг ҳарбий ҳаракатларидан чуқур хавотир билдирганини айтди.
“Биз куч ишлатиш қабул қилиб бўлмайдиган ва минтақада адолатли ва муносиб тинчликка эришиш учун биз ва, энг муҳими, ҳар икки давлат амалга ошираётган саъй-ҳаракатларга зид эканини очиқ айтмоқчимиз.
Бу Озарбайжон ва Арманистон манфаатларига аниқ жавоб берадиган нарса. Ҳар икки давлат ҳам бунга сармоя киритган... Ва биз Европа Иттифоқи билан биргаликда буни қўллаб-қувватлаймиз. Шундай тариқа, биз ўтган ҳафта гувоҳи бўлган ҳаракатлар булар олдида пучга айланади. Биз интилаётган адолатли ва мустаҳкам тинчлик иккала давлат ва минтақа учун катта неъмат бўларди ва менимча, 30 йиллик тўқнашувлардан сўнг тарих ривожини яхши томонга ўзгартиради”, дейди Блинкен.
У, шунингдек, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги гуманитар вазиятдан чуқур хавотир билдирди ва инсонпарварлик ташкилотларининг муҳтож одамларга тўсиқсиз кириши зарурлигини қайд этди.
“Сўнгги 24 соат ичида Баку иштирокида, Тоғли Қорабоғдаги этник арманлар вакиллари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Мулоқот, музокаралар, дипломатияга қайтиш – биз айнан мана шу йўлни бошқармоқчимиз.
Суверените, ҳудудий яхлитлик ва мустақиллик нуқтаи назаридан биз барча манфаатдор томонлар учун ушбу қоидаларни қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Блинкен.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда вазиятнинг яна кескинлашуви юз берди. Баку "маҳаллий аксилтеррор чоралари" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.