АҚШ ҳарбий харажатларни 40 фоизга қисқартиради – WP

Олам

image

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет мудофаа бюджетини кейинги беш йил ичида ҳар йили 8 фоизга ёки жами 40 фоизга қисқартириш режасини ишлаб чиқишни буюрди. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, харажатларни қисқартириш режаси 24 февралгача тақдим этилиши керак. Президент Дональд Трамп маъмурияти қисқартирилмайдиган 17 та йўналишни белгилаб берган. Бунга АҚШнинг жанубий чегарасини ҳимоя қилиш операциялари, ядровий арсенал ва ракетага қарши мудофаа тизимларини модернизация қилиш, камикадзе дронлари, сувости кемалари ва ўқ-дориларни сотиб олиш киради.

Украинани Россия билан урушда қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайдиган Европа қўмондонлиги, Яқин Шарқдаги операцияларни бошқарадиган Марказий қўмондонлик ва қитъадаги бир неча минг америкалик аскарларни бошқарадиган Африка қўмондонлиги учун жорий молиялаштириш даражасини сақлаб қолиш ҳақида гапирилмаган.

АҚШ мудофаа бюджети 2025 йилда қарийб 850 миллиард долларни ташкил этади. Ҳегсет режа амалга ошса, бу Пентагон учун 2013 йилдан бери энг йирик харажатларни қисқартириш бўлишини айтмоқда. Пентагоннинг юқори мартабали амалдорлари яқин йилда АҚШ бюджетида 50 миллиард доллар тежалган маблағ қолишини прогноз қилган. Бу маблағлар Исроилникига ўхшаш “Темир гумбаз” мудофаа тизимини яратиш учун сарфланиши мумкин.

Маълумот учун, “Темир гумбаз” учиш масофаси 50 километрдан 200 километргача бўлган бошқариб бўлмайдиган тактик ракеталардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган тизим. Уни 2000 йилларнинг бошларида Исроилнинг Rafael компанияси ишлаб чиққан. Битта батарея 1,5 минг квадрат километргача бўлган ҳудудни ҳимоя қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп “Темир гумбаз” деб номланган миллий ракетага қарши мудофаа тизимини ишлаб чиқиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Трамп Мудофаа вазири Пит Ҳегсетга 60 кун ичида янги “Темир гумбаз” ракетага қарши мудофаа тизимини лойиҳалаш ва жойлаштириш режасини тақдим этишни буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мудофаа бюджети ҳарбий харажатлар Пит Ҳегсет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг