АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечилади

Жамият 7859
image

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечиши, шунингдек, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва "Ишчи гуруҳ" аъзолари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюрган. Улар завод мутахассислари ҳамда заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширувчи гуруҳ билан учрашдилар.

Бошқарув раиси ва "Ишчи гуруҳ" аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Нефть ва газ саноатининг молиявий барқарорлигини оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сонли қарорига мувофиқ нефть нархларининг глобал ўзгариши шароитида корхонанинг молиявий-иқтисодий аҳволи, заводнинг мавжуд технологик қувватлари, етказиб берилаётган хом ашё нархлари, жумладан маҳаллий нефть нархига ва 2020 йил 1 майдан кучга кирган биржа савдолари орқали нефть маҳсулотларини сотиш тартибига алоҳида эътибор қаратишди.

Ташриф давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Маҳсулотларни ички ва экспорт бозорларида сотиш, хом ашё базасини аниқлаш ва таъминлаш, лойиҳанинг техник ва иқтисодий кўрсаткичлари, нефть нархидаги ўзгаришларнинг турли вариантлари бўйича лойиҳанинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш инвестиция лойиҳасини қайтариш масалалари кўриб чиқилди.

"Заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида АИ-91, АИ-93, АИ-95 маркали юқори октанли бензин ишлаб чиқариш ва АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечиш, шунингдек Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтиш кутилмоқда", дейилади хабарда.

Бошқарув раиси ва "Ишчи гуруҳ" аъзолари ташриф давомида заводнинг асосий ишлаб чиқариш объектларини кўздан кечиришди ва режалаштирилаётган янги технологик қурилмаларнинг қурилиши жойи билан танишди.

Ташриф якунида инвестицион лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш учун тақдимотни тайёрлаб топшириш, шунингдек, FEED лойиҳасини, шу жумладан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун имтиёзли кредит шартлари бўйича таклифларни ўрганиш ва жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

 
 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 176
Рейтинг: 3
t
×