Агар Арманистон Қорабоғдан воз кечсагина, Озарбайжон билан тинчликка эришиши мумкин – Пашинян

Олам

image

Арманистон Республикаси Арманистон ССРнинг вориси сифатида тан олинса ва Ереваннинг бошқа давлатларга ҳудудий даъволари бўлмаса, Кавказ ортида тинчликка эришиш мумкин. Бундай тахминни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян парламентдаги чиқиши чоғида айтди.  

“Агар биз бутун халқаро муносабатларимизда нафақат бугун, балки келажак учун ҳам Арманистон Республикаси ҳудудини 1991 йилда мустақилликка эришган Арманистон ССР ҳудуди каби 29,8 минг квадрат километр эканини тан олишимизни аниқ белгилаб олсак, минтақада тинчлик бўлади. Бизда ҳеч қайси давлат учун ҳудудий талаблар йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди”, дейди Пашинян.

Таъкидлаш жозики, Тоғли Қорабоғ Арманистон ССР таркибига кирмаган. Ҳудуд  БМТга аъзо бирорта давлат томонидан тан олинмаган. Тан олинмаган республикада қарийб 150 минг киши истиқомат қилади.

Пашинян тинчликка эришиш орқали Озарбайжон ва Туркия билан муносабатларни нормаллаштиришни назарда тутаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Баку ва Ереван агар икки давлат аниқ, ноаниқлик ва тузоқларсиз бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олса ва келажакда тегишли даъволар қилмасликка рози бўлса, тинчлик шартномасини тузиш мумкин.

“Мен Арманистон Республикаси Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тан олишини тасдиқлайман ва биз Арманистон ССР ҳудудини Арманистон Республикаси деб тан олиш орқали Озарбайжондан ҳам шундай қилишини кутамиз”, деган Бош вазир.

Шу билан бирга, Пашинян Озарбайжон билан муносабатлар масаласи жуда мураккаб эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, 44 кунлик урушдан кейин қўшни давлат “эйфорияга тушиб, кўп нарсани олмоқчи, иложи бўлса, ҳаммасини олмоқчи”.

“Озарбайжон бевосита ёки билвосита энергетика ва логистика чорраҳасига айланди. Унинг аҳамияти Россия учун ҳам, баъзи Ғарб давлатлари учун ҳам ошди”, дейди Пашинян.

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди. Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади. Натижада, босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон Пашинян Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг