Африкада аниқланган вирус халқаро эпидемияга айланиши мумкин
Олам
−
31 Март 2023
7665Олимлар Ғарбий Африкада жойлашган Экваториал Гвинеянинг савдо портларидан бирида аниқланган марбург вируси 2014 йилги эбола вируси каби халқаро эпидемияга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб кўршапалакларда аниқланган геморрагик иситма Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) минтақавий эпидемияларни келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфли юқумли касалликлар рўйхатига киритилган.
Гарчи олимлар тўлиқ пандемия бўлишини тахмин қилмаётган бўлсада, 2014 йилда Ғарбий Африкада эбола вируси тарқалгани каби сценарийдан огоҳлантирмоқда. Ўшанда минтақадаги Сьерра-Леоне, Либерия ва Гвинеяда эпидемиядан 11 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ва вирус бошқа ҳудудларга ҳам тарқалган эди.
Ҳозирда Экваториал Гвинеяда марбург вирусидан касалланишнинг 4 та ҳолати қайд этилган.
Маълумот учун, марбург вируси кўпинча ўлимга олиб келадиган касаллик бўлиб, унга чалинганларнинг вафот этиш эҳтимоли 50 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткич вирус штамми ва тиббий ёрдам сифатига қараб 24 дан 88 фоизга қадар ўсиб боради. Ҳозирда ушбу вирусга қарши вакцина яратилмаган.
Марбург вируси биринчи марта 1967 йилда Германиянинг Марбург ва Франкфурт, ҳамда Югославиянинг Белград шаҳарларидаги лабораторияларда аниқланган. Лабораторияларга Угандадан юборилган инфекция юқтирган Африка яшил маймунлари устида тажриба олиб борган ходимлар касалликни илк бор юқтиришган. Жами 31 киши, жумладан, лаборатория ходимлари, тиббиёт мутахассислари ва уларга ғамхўрлик қилган оила аъзолари инфекцияни юқтириб олган. Улардан 7 нафари эса вафот этган.
Касалланишнинг кейинги ҳолатлари асосан тропик Африка мамлакатларида қайд этилган.
Унинг дастлабки белгилари сирасига юқори иситма, кучли бош оғриғи ва чарчоқ киради. Касалланган одамларда мушаклардаги оғриқлар, диарея, кўнгил айниши ва қайт қилиш тез-тез кузатилади.
Ўлимга олиб келган ҳолатларда асосан бу касалликнинг дастлабки симптомлари аниқланганидан 8-10 кун ўтиб содир бўлади. Одамдан одамга, асосан, қон, тер, тупук ва бошқа секреция томчилари орқали юқади. Кўпчилик зарарланган кийим ва тўшак ҳамда касалликдан ўлган одамнинг дафн маросимида вирусни юқтириб олади. Беморларни даволашда қатнашган тиббиёт ходимларининг ҳам касаллик юқтириб олиш эҳтимоли кучли ҳисобланади.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15