Африка очарчилик ёқасида турибди – БМТ
Олам
−
20 Август 2022
5887Африка шохида (Эфиопия, Кения ва Сомали) 22 миллионга яқин одам давом этаётган қурғоқчилик туфайли очлик ёқасида турибди. Бу ҳақда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) маълум қилди.
“Йил бошидан буён яна тўққиз миллион одам Эфиопия, Кения ва Сомалида ўткир озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келди. Шундай қилиб, 22 миллион киши ўзини етарли озиқ-овқат билан таъминлаш муаммосига дуч келмоқда”, дейилади баёнотда.
ЖОД маълумотларига кўра, минтақа мамлакатларида чорва моллари нобуд бўлмоқда, аҳоли ўткир сув танқислигини бошдан кечирмоқда, 1,1 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ташкилотнинг таъкидлашича, минтақада қурғоқчилик ҳали тугамагани учун келгуси олти ойда маҳаллий аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун яна 418 миллион долларга яқин маблағ керак.
ЖОД веб-сайтидаги маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда 345 миллион киши озиқ-овқат этишмовчилигига дуч келмоқда ва 800 миллиондан ортиқ киши ҳар кеча ухлашга оч ётади.
Ташкилотга кўра, очликнинг асосий сабаблари: ҳарбий можаролар, иқлим ўзгариши, COVID-19 пандемиясининг оқибатлари ва очликка қарши курашга кам маблағ ажратилишидир.
Июль ойи бошида БМТ Украинадаги жанговар ҳаракатлар туфайли бу йил дунёда 13 миллионга яқин одам қўшимча равишда тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келишини башорат қилган эди. Янгиланган прогнозларга кўра, 2030 йилда ҳам 670 миллиондан ортиқ одам очликни бошдан кечириши мумкин.