Афғонистоннинг янги Бош вазири кимлиги маълум бўлди
Олам
−
07 Сентябрь 2021
14775“Толибон” ҳаракати ҳокимиятни қўлга олган Афғонистоннинг янги Бош вазири мулла Муҳаммад Ҳасан Охун бўлиши мумкин. Бу ҳақда Покистоннинг “The News” газетаси манбаларига таяниб хабар берган.
Бу қарор толибларнинг олий раҳбари мулла Хибатулла Охунзода томонидан қабул қилинган.
“Амир-ул Мўминин” Шайх Хибатулла Охунзоданинг ўзи бу лавозимни мулла Муҳаммад Ҳасан Охунга таклиф қилган. Мулла Бародар Охун ва мулла Абдус Салам унинг ўринбосарлари бўлиб ишлайди”, дейилган хабарда.
Мулла Муҳаммад Ҳасан Охун ҳозирда “Толибон”нинг нуфузли органи — Шўро раҳбари. У асли “Толибон”нинг “бешиги” Қандаҳордан. Мулла Муҳаммад Ҳасан Охун ҳаракат қуролли қўзғолонининг етакчиларидан бири бўлган.
Таъкидланишича, толиблар номзодни эълон қилиш учун кеча, 6 сентябрь куни барча тайёргарликларни амалга оширган, лекин жараён “баъзи муқаррар” сабабларга кўра кечиктирилган. Янги ҳукумат эртага, 8 сентябрь куни “ёки кечроқ” эълон қилинади.
Маълумотларга кўра, “Толибон” мамлакат раҳбарини тайинлаш борасидаги келишмовчиликлар фонида маъқул номзодни топишга уринмоқда ва мулла Охун бунга мос.
LiveБарчаси