Афғонистоннинг АҚШдаги элчихона ва консулликлари ёпилди
Олам
−
17 Март 2022
6941Афғонистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ҳамда Нью-Йорк ва Лос-Анжелесдаги консулликлари маблағ етишмаслиги сабабли ёпилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг АҚШдаги элчихонаси баёнотига таяниб хабар берилган.
Афғонистон элчихонаси баёнотида айтилишича, афғон дипломатик миссиялари АҚШ маъмурияти томонидан уларнинг банк ҳисоблари музлатиб қўйилгани сабабли тобора кучайиб бораётган муаммолар ва ўткир молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда.
Таъкидланишича, дипломатик миссия АҚШ Давлат департаментидан ёрдам сўраган ва Вена конвенциясига мувофиқ элчихона ва бошқа дипломатик ваколатхоналар хавфсизлиги учун жавобгарликни АҚШ маъмуриятига топширишни таклиф қилган.
Баёнотга кўра, дипломатик фаолиятни тўхтатиш ва мулк сақланиши учун жавобгарликни АҚШ Давлат департаментига топшириш кеча, 16 мартдан кучга кирган.
Маълумот учун, 2021 йил баҳорида АҚШ Афғонистондаги қўшинларини олиб кетишини эълон қилгач, “Толибон” мамлакатда назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияларни бошлади. Ўтган йилнинг 15 августида толиблар жангсиз Қобулга кириши ортидан Президент Ашраф Ғани республикани тарк этгач, Вашингтон маъмурияти ағдарилган Афғонистон ҳукуматининг АҚШ банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйди. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки ҳам Қобулга ёрдам беришни тўхтатди. Музлатилган маблағларнинг умумий миқдори тахминан 9,5 миллиард долларни ташкил этади.
“Толибон” кўраётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатдаги иқтисодий вазият ўта оғирлигича қолмоқда. “Толибон” раҳбарияти бир неча бор Вашингтондан Афғонистон давлат захираларини блокдан чиқаришни сўраган. Бироқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен айтишича, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларининг Афғонистонга молиявий ёрдам кўрсатиш ва унинг хорижий банклардаги активларини муздан чиқариш бўйича қарорлари “Толибон”нинг кейинги қадамлари асосида қабул қилинади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15