Афғонистонликлар муҳим темирйўл линиясига хизмат кўрсатишни яна Ўзбекистонга ишониб топширди

Олам

image
Трансафғон темирйўли қурилиши тез орада бошланади – Лазиз Қудратов  north_east

Трансафғон темирйўли қурилиши тез орада бошланади – Лазиз Қудратов 

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг жамоат ишлари вазирлиги “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўл линиясини ишлатиш ва сақлашни давом эттирадиган Ўзбекистоннинг “Сўғдиёна Транс” компанияси билан шартномани икки йилга узайтирди. Бу ҳақда “Pajhwok.com”  нашри бошқарма матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Афғонистон вазирлиги ходимларининг аниқлик киритишича, янги келишув бошқарма бошлиғи ўринбосари Мавлавий Муҳаммад Ишоқ Сихибзоданинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида тузилган. Ҳужжатга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти шўба корхонаси бўлган “Сўғдиёна Транс” 2025 ва 2026 йиллар давомида темирйўл тармоғи ҳолатини назорат қилади. Бироқ жорий йилнинг январь ойида мамлакатлар ушбу линия оператори сифатида Ўзбекистон компаниясини тарк этишга қарор қилган эди.

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат компанияси ҳам қўшни давлат вакиллари билан Ҳайратон участкасида таъмирлаш ишларини узайтириш бўйича шартнома имзолади. Шу билан бирга, айнан шу корхона “Мозори-Шариф – Ҳирот” йўналиши бўйлаб автомобиль йўли қуриш ҳуқуқини қўлга киритиши эҳтимоли катта.

Томонлар Марказий Осиё мамлакатларини Покистоннинг денгиз портлари билан боғлайдиган Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини алоҳида муҳокама қилган. Бу борадаги музокараларда ҳам муваффақиятга эришилган: Ўзбекистон лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, жумладан, тегишли тадбирларни молиялаштиришни ўз зиммасига олган.

Маълумот учун, “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўлининг умумий узунлиги 75 километрни ташкил қилади. У 2010 йилда ўзбекистонлик мутахассислар томонидан қурилган. Қурилишга Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 129 миллион доллар маблағ сарфланган. Мазкур линия Ўзбекистонда қўлланиладиган техник стандартлар ва талабларга мувофиқ сигнализация, телекоммуникация ва электр таъминоти қурилмалари билан жиҳозланган.

Бу линиянинг аҳамияти шундаки, у Афғонистоннинг шимолий вилоятларининг энг ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларида темирйўл транспортини ташкил этиш имконини беради, шунингдек, Афғонистон ва минтақанинг бошқа давлатлари ўртасидаги транспорт харажатларини камайтиради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг август ойида “Ҳайратон – Наибобод – Мозори-Шариф” темирйўл линиясининг қайта тикланган Наибобод темирйўл станцияси очилган эди. Тиклаш ишлари компания томонидан Термиз минтақавий темирйўл узели ва “Сўғдиёна Транс” шуъба корхонаси билан ҳамкорликда Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон Ҳайратон – Мозори-Шариф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг