Трансафғон темирйўли қурилиши тез орада бошланади – Лазиз Қудратов 

Олам

image

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Трансафғон темирйўли қурилиши бўйича амалий ишлар тез орада бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 17 август куни Қобул шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форумида сўз очди.

Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташриф буюрганди. Ташриф доирасида ўтказилган форумда вазир Қудратов икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик соҳаларига тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдони янада ошириш ва яқин истиқболда 3 млрд долларга етказиш бўйича катта режалар тузилган. Бу борада жорий йил 1 октябрдан бошлаб икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо битими ишга тушади. Ушбу ҳужжат доирасида келишилган қатор маҳсулотлар, шу жумладан, Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гиламлар, мармар учун импорт божлари бекор қилинади. Бу экспортёрлар учун қулайлик яратади.

Шунингдек, Лазиз Қудратов давлатлар ўртасидаги Айритом–Ҳайратон чегара постида божхона тизими 24 соатлик иш режимига ўтказилганини айтди. Унинг қайд этишича, бундан буён мамлакатлар ўртасидаги автомобиллар қатнови тун-у кун амалга оширилади. Бу икки давлат тадбиркорлари иш фаолиятида қўшимча 2 баробар кўп имконият яратади. Ўзаро савдо ҳажмларини янада ривожлантиради.

“Биродар афғон халқига қулайлик яратиш мақсадида яқин кунларда Ўзбекистон жанубида Термиз халқаро савдо марказини тўлиқ ишга тушириш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Марказга ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинди. Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади. Бугун марказдан фойдаланиш бўйича ҳужжат имзоладик”, деган у.

Бундан ташқари, у трансафғон темирйўл линияси қурилишини бошлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётганини билдирди.

“Мазкур темирйўл барча тадбиркорларимизга катта имкониятларни яратиб, ўзаро савдода қулай муҳит яратишга имкон беради. Тез орада мазкур лойиҳа доирасида амалий ишлар бошланади”, дея таъкидлаган Лазиз Қудратов.

Ўзбекистон ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон орқали ўтадиган 760 км темирйўл Покистонга юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга, транспорт харажатларини эса камида 40 фоизга қисқартиради. Тахминларга кўра, қиймати 6 миллиард долларгача бўлган лойиҳа 2027 йил охиригача якунланади, 2030 йилгача поездлар Трансафғон темирйўли бўйлаб йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлади. Янги темир йўл йўналиши Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, Ўзбекистон ва Афғонистонни Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига товарлар экспорт қилиш учун Араб денгизидаги Покистон портлари билан боғлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Афғонистон савдо айланмаси яқин йилларда 3 млрд долларга етиши мумкинлиги хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Лазиз Қудратов Трансафғон темирйўл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг