Афғонистонлик мухлислар Ҳабибни танқид қилди. Спортчи кечирим сўради 

Спорт

image

Енгил вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов обуначилари томонидан Афғонистондаги воқеаларга ҳеч қандай позицияси йўқлиги учун кескин танқидга учради. Спортчи Instagram’даги охирги постида, Формула 1 пойгачиси Никита Мазепин билан тушган суратини жойлаштиргач, кўплаб мухлислар Ҳабибга нисбатан салбий муносабатда бўлган.

“Сиз Афғонистонда миллионлаб одамларнинг ҳафсаласини пир қилдингиз. Яшасин инсоният, яшасин Афғонистон!”, “Сиз Афғонистондан жуда узоқдасиз. Афғонистон учун озодлик”, “Пул одамларни қандай ўзгартирса, сизни ҳам шундай ўзгартирган”, “Сиз Афғонистон учун халқ чемпиони эдингиз. Одамлар сизни қўллаб-қувватлаб, олқишладилар, лекин бизни қўллаб-қувватлаш вақти келганида, имонли биродаримиз нима қилиши керак эди, бизни бир неча сўз билан руҳлантиришни ҳам хоҳламайсизми?”, “Сен Афғонистондаги мухлисларни йўқотдинг. Энди сен биз учун ҳеч кимсан”, дея мухлислар томонидан изоҳлар ёзиб қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ҳабиб Афғонистондаги сиёсий вазият ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган ва бу мамлакат билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ушбу воқеалардан сўнг, Ҳабиб Нурмуҳамедов уни танқид қилган афғонистонлик мухлислардан кечирим сўради:

“Мен сиёсат ҳақида изоҳ беришни хоҳламаганим учун афғонистонлик мухлислардан кескин жавоб олдим. Хабарларни қайта кўриб чиқдим: минглаб километр узоқликда, деб нотўғри айтилган. Мен уларнинг халқи билан жуда яқин муносабатдаман. Сан-Хосе яқинида кўплаб афғонлар яшайди, у ерда менинг дўстларим бор. Улар мени нотўғри тушунди. Мен сиёсий вазият ҳақида изоҳ беришни хоҳламадим. Кечирим сўрайман, умид қиламанки, улар мени кечиришади. Агар вазият ҳақида гапирганимда, бошқа муаммолар келиб чиқар эди. Мен сиёсатга аралашишни хоҳламадим.

Афғонистон ҳаёти давомида кўп нарсаларни кўрган. Бу одамлар учун оғриқли, мен, албатта, ҳавотирдаман ва энг яхши тилакларимни билдирмоқчиман”.

Аввалроқ, Паралимпия ўйинларининг очилиш маросимида бирдамлик белгиси сифатида Афғонистон байроғи кўтарилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Ҳабиб Нурмуҳамедов Никита Мазепин Афғон мухлислари

Баҳолаганлар

2371

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг