Афғонистонлик футболчилар бойкот эълон қилди
Спорт
−
09 Ноябрь 2023
10196Афғонистоннинг 18 нафар футболчиси мамлакат футбол федерацияси раҳбариятини ўзгартиришни талаб қилиб, мамлакат терма жамоаси ўйинларига бойкот эълон қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди
Футболчилар амалдаги федерация президенти, бош котиб ва ижроия қўмитаси аъзоларини коррупция ва FIFA томонидан ажратилган маблағларни суиистеъмол қилишда айбламоқда. Хусусан, улар федерация ходимлари FIFA'га ҳужжатларни тақдим этиш орқали Бишкекда бўлиб ўтган Марказий Осиё Миллатлар кубоги вақтида жамоанинг яшаш харажатларини ошириб кўрсатган, деб ҳисобламоқда.
Федерациянинг маълум қилишича, меҳмонхоналар тўғридан-тўғри FIFA'га ҳисоб-фактуралар бериб пул олган, шунинг учун коррупция ҳолати бўлиши мумкин эмас.
Гап шундаки, Афғонистонда “Толибон” вакиллари ҳокимият тепасига келганидан сўнг, FIFA Афғонистон футбол федерациясига тўғридан-тўғри пул ўтказишни тўхтатди ва миллий терма жамоа харажатларини йиллик молиявий ёрдам дастури орқали бевосита тўлаб берди. Афғонистон 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг иккинчи босқичидаги илк ўйинини келаси пайшанба куни Қатарда ўтказиши керак ва делегация аъзолари учун Доҳага чипталарни FIFA сотиб олиб беради. Жамоа икки кун аввал Қатарга учиб кетишни режалаштирганди, бироқ Афғонистон футбол федерациясидаги бойкот туфайли саралаш ўйинларига футболчиларни жалб қила олмаяпти.
Доҳадаги меҳмонхона харажатлари ҳам FIFA томонидан қопланиши керак эди, бироқ Афғонистон футбол федерацияси Қатар футбол ассоциациясидан бу харажатларни қоплашни сўраб, маблағ тежаб қолган.
Шунингдек, футболчилар мезбон мақомидаги учрашувларининг Саудия Арабистонига кўчирилишидан ҳам норози бўлмоқда.
LiveБарчаси