Афғонистондаги вазият Покистондан қайтган қочқинлар туфайли ёмонлашди – БМТ
Олам
−
23 Ноябрь 2023
6700Исломобод ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш кампаниясини бошлаганидан сўнг, Афғонистондаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашишига олиб келиши мумкин бўлган 374 мингга яқин афғон Покистондан ватанига қайтди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) маълум қилди.
“БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Покистоннинг ҳужжатсиз хорижликлар мамлакатни тарк этиши кераклиги ҳақидаги эълонидан хавотирда, чунки бу буйруқлар Афғонистон фуқароларига, жумладан, рўйхатга олинган қочқинларга ва амалдаги ҳужжатларга эга бўлган бошқа шахсларга салбий таъсир кўрсатган”, дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Покистондаги вакили Филиппа Кандлер Женевада бўлиб ўтган брифингда.
Унинг сўзларига кўра, Покистон 2023 йил 3 октябрда ушбу режани (ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш) эълон қилганидан бери 374 мингга яқин одам Афғонистонга, асосан қўрқув ва шошқалоқлик билан қайтган.
“Биз Покистонда афғонларнинг ҳибсга олиниши ва депортацияси сонининг экспоненциал ошиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Афғонларнинг ўз ватанларига оммавий қайтиши давом этаётган гуманитар инқирозни янада кучайтиради, чунки қишки ҳарорат пасайиб, баъзи жойларда энг паст ҳарорат -4 даражага етади", дейди Кандлер.
Шунингдек, у кўплаб қайтиб келган афғонлар ҳимоясиз эканини, жумладан, етарли бошпана бўлмаса, қаттиқ қишда ҳалок бўлиши мумкинлигини эслатган.
Ноқонуний муҳожирлар депортацияси эълон қилинган вақтга келиб, турли ҳисоб-китобларга кўра, Покистонда 1,1 миллиондан 1,7 миллионгача афғон қочқинлари бўлган. Покистон расмийлари уларга 1 ноябргача ихтиёрий равишда Афғонистонга қайтишлари учун вақт берди. 160 минггача афғонлар буни уддалашди. Кейин Покистон қочқинларни мажбуран депортация қила бошлади.
Қайд этиш жоизки, Исроил ва ҲАМАС ўртасида жанглар давом этаётган, Ғазо секторидаги воқеалар ва 2,2 миллионга яқин фаластинликлар геноцид қурбонига айланаётган бир пайтда, дунё афғон пуштунларининг Покистондан кенг кўламли депортация қилинишини деярли пайқамаяпти. Гап юз минглаб одамлар баъзи маълумотларга кўра, 1,8 миллион афғон муҳожирлари ҳақида кетяпти.
Покистон ва Афғонистонда нима бўляпти, вазият портлаши мумкинми, ҳозирги инқироз Марказий Осиё, Эрон ва Жанубий Кавказга қандай таъсир қилади? Бу бўйича Россия сиёсатшунослар жамиятининг таҳлилий маркази директори, Афғонистон сиёсатини ўрганиш маркази раҳбари Андрей Серенко жавоб берди.Серенконинг сўзларига кўра, “Толибон”нинг устувор йўналиши Покистон билан уришиш, Марказий Осиёга олдинга силжиш ва Эронга қарши курашдир. Қуйидаги ҳавола орқали бу ҳақдаги тўлиқ мақолани ўқишингиз мумкин.
LiveБарчаси