“Толибон” катта урушга тайёрланмоқда – россиялик сиёсатчи

Олам

image

Исроил ва ҲАМАС ўртасида жанглар давом этаётган, Ғазо секторидаги воқеалар ва 2,2 миллионга яқин фаластинликлар геноцид қурбонига айланаётган бир пайтда, дунё афғон пуштунларининг Покистондан кенг кўламли депортация қилинишини деярли пайқамаяпти. Гап юз минглаб одамлар баъзи маълумотларга кўра, 1,8 миллион афғон муҳожирлари ҳақида кетяпти.

Покистон ва Афғонистонда нима бўляпти, вазият портлаши мумкинми, ҳозирги инқироз Марказий Осиё, Эрон ва Жанубий Кавказга қандай таъсир қилади? Бу бўйича Россия сиёсатшунослар жамиятининг таҳлилий маркази директори, Афғонистон сиёсатини ўрганиш маркази раҳбари Андрей Серенко жавоб берди.

Серенконинг сўзларига кўра, “Толибон”нинг устувор йўналиши Покистон билан урушиш, Марказий Осиёга олдинга силжиш ва Эронга қарши курашдир.

Афғон пуштунларини депортация қилишдан мақсад нима?

Яқин вақтгача Покистонда 1,8 миллионга яқин афғон пуштунлари яшаган.

Биринчи афғонлар у ерда 50 йил олдин, Афғонистонда қирол Зоҳиршоҳнинг тахтдан ағдарилиши оқибатида юзага келган катта сиёсий нотинчлик даври бошланганда пайдо бўлган. Покистонга кўчиб келган афғонлар орасида қуролланган одамлар ҳам бор эди, лекин улар асосан яхшироқ ҳаёт излаган қочқинлар эди. У ерда улар ўрнашиб, оила қурди, қонуний ёки ноқонуний бизнес ташкил қилишди.

Муайян нуқтага қадар Покистон бу ҳолатдан хурсанд эди. Покистонликлар афғон муҳожирларининг йирик колониясидан, жумладан, афғон қуролли мухолифати учун орқа база сифатида фойдаланган.

Аввалига Афғонистонда коммунистик режимга қарши мужоҳид гуруҳлари пайдо бўлди. Кейин эса “Толибон”га қарши ҳужумлар бошланиб кетди. Эслатиб ўтамиз, пуштунлар Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида ҳам яшайди.

Қайд этилишича, Покистон разведка хизматлари 2021 йилда “Толибон” ҳокимият тепасига келганида Афғонистон Президенти Ашраф Ғанини ағдариш учун ушбу воситадан фойдаланган.

“Аммо кейин, "эшак семирса эгасини тепади" мақоли ҳақиқатга айланди. Қобулда ҳокимиятни қўлга киритган афғон толиблари қисман назоратдан чиқиб кетди”, дейилади мақолада.

Шундай қилиб, афғон толиблари Қобулда ҳокимият тепасига келгач, уларнинг ғалабаси Покистон толиблари – “Теҳрик-э Толибон Покистон” ҳаракати учун намуна бўлди. Улар Покистон армиясига, хавфсизлик кучларига, разведкага уруш эълон қилди ва Покистонда ҳам худди шу амирликни қурмоқчи эканликларини айтишди.

Покистон толибларининг катта қисми пуштунлардир. Улар Дуранд чизиғи билан ажратилган Покистон ва Афғонистонда (Афғонистон ва Покистон ўртасидаги 2640 километрлик чегара белгиланмаган – таҳр...) яшайди.

Айтилишича, Афғонистон ва Покистон пуштунлари ўртасидаги бирдамлик жуда кучли ва улар бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Натижада, Покистон армияси “Толибон”нинг тактикасига дош беришга қийналаётгани, ўз мамлакати ҳудудидаги жангариларга чек қўйишнинг уддасидан чиқа олмаётгани маълум бўлди.

“Покистон “Толибон”и жуда самарали ҳаракат қилди. Исломободнинг фикрича, пуштун бирдамлиги ва мамлакатда орқа базаларнинг мавжудлиги “Теҳрик-э Толибон Покистон”нинг “козири”дир. Афғонистон “Толибон”и Покистон “Толибони”га ёрдам бермаслигига ишонтира олмади. Натижада Покистон ҳарбийлари пуштун афғонларини Покистон ҳудудидан Афғонистонга депортация қилишга қарор қилди. Бу қадам ҳам Исломобод ва Равалпинди (Покистоннинг собиқ пойтахти – таҳр...) томонидан Қобулга босим ўтказишга уринишдир”, дейилади мақолада.

Пуштун афғонлари Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари, Марказий Осиё, яъни МДҲ давлатлари билан чегарадош ҳудудларга жойлашмоқда.

Ушбу кўчиришдан яна бир мақсад – жаҳон ҳамжамиятидан моддий ёрдам олиш. Покистон Хитой, Ғарб ва Яқин Шарқнинг бой давлатларидан ёрдам кутмоқда. Шундай қилиб, Покистон уларни бу ерда сақлашга пулимиз йўқ, дейиши мумкин. Агар ёрдам берилса, афғон пуштунларини кўчириш тўхтатилиши мумкин.

“Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, депортация тўхтатилган тақдирда ҳам ўнлаб, ҳатто юз минглаб афғон пуштунлари Афғонистонга депортация қилинган. Маълум бўлишича, биз Афғонистонда инқирозни кутишимиз мумкин, у ерда “Толибон”нинг ўзига кўра, умумий ишсизлик бор”, дейди Андрей Серенко.

Бу инқироз Марказий Осиё, Эрон ва ҳатто Жанубий Кавказ мамлакатларига қандай таъсир қилиши мумкин?

“Бугун Афғонистонда қашшоқлик даражаси ортиб бормоқда. Толибон ўз сиёсий тизимини қуряпти. Мамлакат халқаро ҳамжамият ёрдами билан яшайди, аммо бюджетнинг деярли 40 фоизи “Толибон” хавфсизлик кучларини молиялаштиришга кетади”, дейди Серенко.

Россиялик таҳлилчига кўра, ҳозирги Афғонистонни минтақа учун энг жиддий муаммо деб аташ мумкин. Аммо “Толибон” ҳаракати бу режимнинг катта урушга тайёрланаётганига шубҳа қолдирмайди.
Уруш ким билан бўлиши мумкин?

Билдирилишича, устувор мақсад Покистон билан уруш, яъни Покистон “Толибон”ини қўллаб-қувватлаш.
Бунга Марказий Осиёга олдинга силжиш ва шиа Эронига қарши кураш ҳам киради. Бу Жанубий Кавказ учун ҳам, Россия учун ҳам таҳдиддир.

“Толибон” аллақачон Ғазода Исроилга қарши уруш учун кўнгиллиларни ёллашга уринмоқда. Ҳозирча бу жараённи ҳеч ким молиялаштирмаяпти ва улар текинга курашишга тайёр эмас. Аммо эртага ҳомийлар пайдо бўлса, Ғазога, Эронга, Жанубий Кавказга ёки Россияга қарши жанг қилишни хоҳлайдиганлар жуда кўп бўлади. Афғонистон барибир портлайдиган вақтли бомба бўлиб қолмоқда. Ўйлайманки, Марказий Осиё минтақаси давлатлари, Покистон, Хитой, Туркия, Россия, Озарбайжон бунга ҳозирлик кўриши керак”, дейди Андрей Серенко.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг