Афғонистондаги кескинлик. Зарурат туғилса, Россия Ўзбекистонга ёрдам берадими?
Жамият
−
22 Июль 2021
16671Москва Афғонистондаги вазият юзасидан Тошкент билан доимий алоқада бўлиб турибди. Агар зарурат туғилса, Россия Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко РИА Новостига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Албатта, Афғонистон ичидаги можаронинг кучайиши ва унинг қўшни Марказий Осиё давлатларига салбий таъсиридан хавотирланмаслигимиз мумкин эмас, шунинг учун ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан доимий алоқадамиз. Ўзбекистон Афғонистон Ислом Республикаси билан умумий чегарага эга бўлган иттифоқдошимиз ва стратегик шеригимиздир. Агар зарурат туғилса ва Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тегишли мурожаат келиб тушса, дўстларга қўшимча ёрдам беришга тайёрмиз”, дейди Руденко.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказади. Қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси