Афғонистонда теракт оқибатида 5 киши ҳалок бўлди
Олам
−
11 Февраль
2925Афғонистон шимолида банк ёнида террорчи-худкуш томонидан уюштирилган портлаш оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Ariana news” хабар берди.
Полиция вакили Жумаддин Ҳақсорга кўра, ҳужум Қундуз вилоятида жойлашган Қобул банки бўлими ёнида маҳаллий вақт билан 8:30 да содир этилган. Шу вақт давлат хизматчилари маош олиш учун банк олдида тўпланган бўлган. Ҳодиса оқибатида банк қўриқчиси ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Ҳужум учун ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, Ҳақсор эса полиция ҳужум ташкилотчиларини қидираётганини маълум қилган. У қўшимча тафсилотларни ошкор этмаган.
“Khaama Press” хабарига кўра, Қундуз вилоят шифохонасидаги гувоҳ клиникага 14 кишининг жасади олиб келинганини маълум қилган. Худди шу шифохонадаги бошқа манба эса камида 17 нафар ҳалок бўлганлар етказилганини билдирган. Баъзи манбалар қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, бундай ҳужумларнинг тез-тез содир бўлиши мамлакатдаги хавфсизлик ҳолати бўйича хавотирларни оширмоқда, айниқса террористик гуруҳлар расмий шахслар ва оддий фуқароларга ҳужум қилишни давом эттираётгани фонида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Афғонистоннинг Бағлон вилоятидаги масжидда номаълум шахслар 12 кишини отиб ташлаган эди. Бағлон вилояти полицияси бошқармаси бошлиғи Абдул Қаюр Ғодимнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари ҳодиса бўйича бир нечта гумонланувчини ҳибсга олган ва жиноят иши юзасидан тергов бошланган.