Афғонистонда маҳкумлар ва қарздорларга паспорт бериш тақиқланди
Олам
−
25 Август 1682 1 дақиқа
Афғонистонда паспорт ололмайдиган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда “Khaama Press” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, паспорт бошқармаси янги қоидаларни жорий қилган. Унга кўра, маҳкумларга, васийларсиз болаларга, шунингдек, тўланмаган қарзлари ёки бошқа мажбуриятлари мавжуд шахсларга хорижга чиқиш ва паспорт олиш тақиқланади.
“Биометрик тизимлар ва маълумотлар базалари орқали хорижга чиқиши тақиқланган шахслар сифатида белгиланганларга паспорт бериш автоматик тарзда рад этилади”, дейилади хабарда.
Нашр маълумотига кўра, илгари барча фуқаролар паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлган, чекловлар эса фақат айрим жиноят ишлари доирасида қўлланилган.
Маълумот учун, Афғонистонда шахсни тасдиқловчи миллий ҳужжат “тазкира” деб номланади ва ундан аҳолининг аксарияти фойдаланади. Паспорт эса чет элга чиқиш учун талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Эзгуликни тарғиб қилиш ва бузуқликнинг олдини олиш вазирлиги мамлакатда шахмат ўйинини тақиқлаган эди.
Live
Барчаси