Афғонистонда хатми Қуръон вақтида портлаш юз берди. Қурбонлар бор
Олам
−
19 Декабрь 2020
5568Кеча, 18 декабрь куни Афғонистон шарқидаги Ғазна вилоятида содир бўлган портлаш натижасида 30 нафардан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Бу ҳақда “Аfghanistan.ru” хабар берди.
Афғонистон ИИВ Матбуот котиби Тариқ Арианнинг сўзларига кўра, қўпорувчилик ҳаракати маҳаллий вақт билан соат 14:00 ларда Гилон уездида содир бўлган. Террорчилар Қуръон хатм қилиш маросими иштирокчилари орасида миналаштирилган мотоциклни портлатган.
Мотоцикл уй дарвозаси олдида портлаган. Ҳодиса вақтида уйда маросим учун йиғилган ўнлаб одамлар бўлган.
ИИВ маълумотига кўра, ҳужум натижасида 15 киши ҳалок бўлган, жумладан болалар ҳам. Яна 20 нафар тинч аҳоли вакили тан жароҳати олган.
Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият портлашда 12 нафар вояга етмаган болалар қурбон бўлганини хабар қилган.
Ҳозиргача мамлакатдаги қуролли гуруҳларнинг ҳеч бири портлаш учун жавобгарликни зиммасига олмаган.
Аввалроқ, АҚШнинг Афғонистондаги авиабазасига ракетадан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган эдик.