Афғонистонда АҚШнинг ҳеч қандай қурол-яроғи қолмаган – Оқ уй
Олам
−
08 Сентябрь 2023
7337АҚШ Афғонистонда ҳеч қандай қурол-яроғ қолдирмаган. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, кўпчилик гапираётган 7 миллиард долларлик қурол-яроғ ва жиҳозларни расмий Вашингтон афғон армиясига олдиндан ўтказиб берган ва техник жиҳатдан уларни америкаликлар бериб қўймаган. Аммо Қўшма Штатлар расман фақат Кобул аэропортида бўлган қурол-яроғлардан воз кечган. Шу билан бирга АҚШ ҳарбийлари қуролларнинг барчасини ишдан чиқаришга ҳаракат қилган.
Шунингдек, Жон Кирби учрашувда "Теҳрик-и Толибон Покистон" жангарилари ҳақидаги саволларга жавоб бермаган. Бироқ Кирби АҚШ Афғонистондан келаётган таҳдидларни тўхтатиш учун Исломобод билан ҳамкорликни давом эттиришини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондан НАТО кучлари чиқарилганидан кейин Туркия Ҳомид Карзай номидаги Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашда етакчи роль ўйнаши ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва АҚШ Президенти Жо Байден Брюссельда ўтган илк икки томонлама учрашувда шунга келишиб олганлиги ҳақда хабар берган эдик.
LiveБарчаси