Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида имтиёзли савдо бўйича келишув имзоланди
Жамият
−
12 Июнь
2197Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматида саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий Тошкентда бўлиб ўтган халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Инвестициялар, савдо ва саноат вазири Лазиз Қудратов билан икки давлат ўртасида имтиёзли савдо бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.
Нашрга кўра, ушбу келишув асосида икки давлат ўртасидаги бож ставкалари камайтирилади, бу эса савдо фаолиятида қулайликлар яратади ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, томонлар савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида Афғонистон-Ўзбекистон қўшма иш режасини ҳам имзолаган.
“Ушбу ҳужжатларнинг имзоланиши хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни рағбатлантириш, минтақавий савдони кенгайтириш ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида иштирок этаётган Нуриддин Азизийни қабул қилган эди. Улар савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиққан.