Афғонистон ўзбекистонлик ҳайдовчилар учун тўловларни камайтирди
Жамият
−
22 Октябрь
3485Афғонистон ўзбекистонлик юк ташувчи машиналар ҳайдовчиларидан ўз ҳудудида ундириладиган йиғимлар миқдорини умумий ҳисобда 6 500 афғони (тахминан 99 АҚШ доллари) миқдорига камайтирди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг экспорт ва импорт юк ташувларини Афғонистон ҳудуди орқали ривожлантириш, автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошириш жараёнида ундириладиган йиғим ва тўловларни қисқартириш, миллий ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Амударё кўпригидан ўтиш учун аввал 12 000 афғони (тахминан 182 АҚШ доллари) миқдорида ундириладиган йиғимни жорий йил 28 сентябрдан 7 000 афғони (тахминан 106 АҚШ доллари) этиб белгиланди;
Афғонистонга юк автотранспорт воситасининг кириши учун аввал 5 000 афғони (тахминан 76 АҚШ доллари) миқдорида ундириладиган йиғим эса 3 500 афғони (тахминан 53 АҚШ доллари) этиб белгилади.
“Бугунги кунда Транспорт вазирлиги томонидан Трансафғон мультимодал транспорт йўлаги орқали юк ташувларига қулай шароитлар яратиш, ундириладиган йиғимлар миқдорини оптималлаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматида бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар Қобул шаҳрида афғонистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ўтказган учрашувда жорий йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида Имтиёзли савдо келишуви ишга тушиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси