Афғонистон урушини бошлаган Буш АҚШ қўшинларининг чекинишига муносабат билдирди

Олам 13238
image

АҚШ ҳукуматининг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарори хато. Бу ҳақда АҚШнинг собиқ Президенти Жорж Буш (2001-2009 йилларда ҳокимият тепасида бўлган) “Deutsche Welle” медиа компаниясига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Афғонистон аёллари ва қизларига таърифлаб бўлмайдиган зарар етказилади. Бу хато. Уларни шунчаки ташлаб юборишади ва бу менинг юрагимни эзяпти”, дейди Буш. 

Собиқ Президентнинг қўшимча қилишича, Германия канцлери Ангела Меркель ҳам, эҳтимол “худди шу нарсани ҳис қиляпти”.

Маълумот ўрнида, АҚШ тарихида энг узоқ давом этган Афғонистон уруши даврида Оқ уйнинг раҳбари 4 марта алмашди. Шулардан бири 2001-2009 йилларда АҚШ Президенти бўлган Жорж Бушдир. Қайд этиш керакки, у АҚШ Президентига айланганидан атиги бир неча ой ўтиб, аниқроғи 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада серияли террорчилик ҳаракатлари амалга оширилди. Бунга жавобан Буш терроризмга қарши уруш эълон қилди. Шундан сўнг, АҚШ Президенти 2001 йилнинг ўзидаёқ Афғонистонга қўшин киритди. 

Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 358
Рейтинг: 3
t
×