Афғонистон ва Покистон раҳбарлари иштирокида Тошкентда ўтадиган конференция қайси мақсадларга хизмат қилади?

Таҳлил

image

Президентимиз ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Бу эса бугунги глобал трансформациялар туфайли жаҳон иқтисодиёти марказининг Осиё томон силжиши шароитида Марказий Осиёнинг аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатади. Халқаро экспертлар фикрича, бундай шароитда  Ўзбекистон раҳбари томонидан бошланган ички ислоҳотлар жараёни, очиқ ва  ривожланиб бораётган дўстона сиёсат минтақада муҳитни тубдан яхшилашга, ҳамкорлик механизмларини шакллантиришга ва  Марказий Осиёнинг жозибадорлигини кучайтиришга кўмаклашди.

Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қаралаётган Aфғонистонга нисбатан муносабатлар ижобий томонга ўзгарди. Aфғонистон бўйича 2018 йилги Тошкент конференцияси ва 2019 йилда Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг консультатив учрашуви якуний ҳужжатларида Aфғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш, уни минтақавий алоқалар ва инфратузилма лойиҳаларига жалб этиш бўйича якдилликда ўз аксини топди. Минтақа давлатлари ва Aфғонистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашди. Уларнинг Aфғонистон ташқи савдосидаги улуши 22 фоизни, импортидаги улуши эса деярли 25 фоизни ташкил этди. Жанубий Осиёга Туркманистон — Aфғонистон — Покистон — Ҳиндистон газ қувури, CASA-1000 электр узатиш линиялари (Марказий Осиёдан Жанубий Осиё мамлакатларигача) ва бошқа шу каби трансафғон энергетика ва транспорт йўлакларини очиш ишлари тикланди. Афғонистон билан ҳамкорлик масалалари бўйича AҚШ, Европа Иттифоқи, Россия, Хитой  ва Жанубий Осиёнинг етакчи давлатлари билан алоқалар кенгайди.

2019 йил январь ойида Самарқандда Aфғонистон иштирокида “Ҳиндистон — Марказий Осиё” ташқи ишлар вазирлари мулоқоти ўтказилди. 2021 йил февралда Ўзбекистон, Aфғонистон ва Покистон “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўли қурилиши ойиҳаси бўйича қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилди. Бу каби ўзгаришлар Ўзбекистон ва минтақа давлатларининг Aфғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, унинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги тарихий ролини тиклашга бўлган қизиқишини акс эттиради.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, минтақанинг глобал иқтисодиётга кириш даражаси 60 фоиздан паст бўлиб, бу ҳол экспорт рақобатбардошлигини ва ривожланиш имкониятларини сезиларли даражада камайтиради. Масалан, Марказий Осиё мамлакатларидан бир контейнерни Шанхайга етказиб бериш Польша ёки Туркиядан юборгандан кўра 5 баробар қимматроқ.

Жанубий Осиё иқтисодий ўсиш суръатлари ва қарийб 2 миллиардлик аҳолига эга улкан бозор салоҳияти билан глобал иқтисодиёт марказларидан бирига айланмоқда. Бундан ташқари, Aфғонистон орқали Ҳинд океани портларига транзит Марказий Осиё мамлакатларига энг қисқа йўл орқали денгизга чиқиш имконини беради ва минтақанинг транспорт алоқаси даражасини бир неча баробар оширади.

Шу нуқтаи назардан, Жанубий Осиё билан ҳар томонлама ўзаро боғлиқликни ривожлантириш Марказий Осиё давлатлари учун стратегик вазифага айланмоқда. Бу эса экспорт бозори кенгайишини таъминлаш, иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини, саноатлаштиришни, транспорт-логистика ҳолатини, минтақа, умуман, Марказий Осиёнинг иқтисодий ва сармоявий жозибадорлигини тубдан яхшилаш имконини беради.

Ўз навбатида, Жанубий Осиёда минтақамизга, унинг иқтисодий, энергетик ва транзит салоҳиятига эътибор кучаймоқда. 2010 йилда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) дастурига қўшилган Покистон ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо, транспорт ва энергетика соҳаларида ўзаро алоқаларни фаоллаштирмоқда. Ҳиндистон 2012 йилда қабул қилинган “Марказий Осиё билан алоқа” курсига мувофиқ минтақа давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Шундай қилиб, Осиёнинг ҳар икки минтақасида кўп асрлик ўзаро алоқаларни, савдо, инвестиция, энергетика, транспорт ва логистика, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида ҳамкорликни тиклашга бўлган қизиқиш юқори.

Ушбу режаларни амалга ошириш учун ҳар икки минтақа мамлакатларининг узоқ муддатли қўшма ҳаракатлари, муҳим молиявий, инвестиция ва технологик захиралари, тижорат алоқаларини кенгайтириш, жисмоний, институционал ва тартибли инфратузилмани ривожлантириш керак бўлади. Шу боис, биринчи навбатда, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантириш учун сиёсий, ҳуқуқий ва институционал шароитлар яратиш бўйича минтақалараро якдилликни шакллантириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Aфғонистондаги миллий ярашишга, барқарорликка, уни тинч йўл билан тиклашга ва минтақалараро алоқаларга жалб этишга ёрдамни кучайтириш бугунги кунда долзарбдир. Марказий Осиёда бўлгани каби Жанубий Осиёда ҳам сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қилинадиган ҳаракатлар мақсадга мувофиқ бўлиши аниқ.

Ўзаро алоқаларни институционал ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал этишга минтақалараро расмий алоқаларни фаоллаштириш ёрдам бериши мумкин. Шу мақсадда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури, Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлик ассоциацияси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби мавжуд минтақавий механизмлардан фойдаланиш мумкин.

Иккинчидан, савдо ва инвестицияларни, тўғридан-тўғри тижорат алоқаларини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш зарур. Минтақа мамлакатлари Жанубий Осиё давлатлари билан савдо ва сармоявий битимлар тузиш, банк ва молиявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда савдони енгиллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш борасида саъй-ҳаракатларини кучайтириши зарур.

Ўзбекистон томони Ҳиндистон билан имтиёзли савдо ва инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва тақдирлаш бўйича битимлар ҳамда Покистон билан имтиёзли ва транзит савдо бўйича битимлар устида ишларни бошлаб юборган.

2020 йил февраль ойида энергетика, фармацевтика, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларига ўзаро савдо ва инвестицияларни оширишга кўмаклашиш мақсадида “Ҳиндистон — Марказий Осиё” ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди. Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ишбилармон доиралари ташкилотлари билан алоқалар ривожланмоқда. Марказий Осиёдаги ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг минтақавий тузилмаларини ривожлантириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ҳамда Евроосиёнинг бошқа ҳудудлари ўртасида юк ташиш вақти ва харажатларини камайтирадиган кўп вариантли минтақалараро транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларни кучайтириш керак.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Покистоннинг Ҳинд океанидаги портларига чиқувчи “Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-сотиқда товарларни етказиб беришни 30 кундан 5 кунгача қисқартиради, шунингдек, Марказий Осиё ва Покистон ўртасидаги транспорт харажатларини 35 фоиз камайтиради. Юк ташиш нархи қарийб 2 баробар камайиши мумкин ҳамда Жануби-шарқий Осиё ва Шарқий Европа ўртасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия темир йўллари орқали юк ташиш ҳажми ошади.

Минтақавий транспорт алоқасини, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт йўлаги бўйлаб юк автомобиллари қатновини ривожлантириш, Ўзбекистон, Эрон ва Ҳиндистон ўртасидаги транспорт логистикаси алоқалари, шунингдек, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ғоят муҳим. Икки минтақа ўртасида транспорт коммуникациялари тизими шаклланиши Евроосиёда континентал юк ташиш ҳажми ўсишини ва шарқдан ғарбга ва шимолдан жанубга чўзилган транспорт йўлаклари кесишган жойдаги Марказий Осиё транзит салоҳияти мустаҳкамланишини таъминлайди.

Тўртинчидан, бундай кенг кўламли вазифаларни ҳал этиш халқаро ҳамжамиятнинг фаол қўллаб-қувватлашини талаб қилади. Ҳозирданоқ икки минтақанинг улкан ривожланиш салоҳиятини рўёбга чиқаришга қизиққан манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаракати муваффақиятларини сезиш мумкин. Хусусан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ЕТТБ ва бошқа халқаро молия институтлари Пешоваргача темир йўл қурилишини қўллаб-қувватлаган. Ушбу лойиҳани амалга оширишда “Россия темир йўллари” компанияси ҳам иштирок этишга шай.

Хитой банклари ва компаниялари Хитой — Покистон иқтисодий йўлагини яратишда, шу жумладан, Покистон темир йўллари ва портларини модернизация қилишда иштирок этмоқда. Икки минтақанинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш AҚШнинг Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бунда Форс кўрфазидаги араб мамлакатлари ва Япония ҳам муҳим роль ўйнаши мумкин.

Умуман олганда, Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақалараро алоқасини тиклаш ва мустаҳкамлаш минтақа давлатларининг ривожланиши учун шароитларни сезиларли даражада яхшилашга қаратилган. Тошкентда бўладиган халқаро конференция ана шу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.

Дониёр ҚУРБОНОВ, 
Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази 
директори вазифасини бажарувчи

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг