Ўлганнинг устига тепган. Афғонистон пуллари кимда?

Таҳлил

“Толибон” қўшни Афғонистонда ҳокимият тепасига келганига ҳам салкам 3 йил тўлди. Бу оз муддат эмас. Аммо унинг дунё томонидан халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинишидек приоритет масала ҳали ҳам ҳал бўлмади. Айрим йирик ўйинчилар Афғонистонда амалда йирик куч бўлган “Толибон”ни ўзи хоҳлаган шаклга келтириш ва ўз йўриғига солиш мақсадини ҳамма нарсадан устун қўймоқда. Очарчилик, қашшоқлик ва яшаш сифатининг ўта қолоқ даражаси туфайли азият чекаётган кўп миллатли афғон халқининг ташвишлари эса афсуски саноқли давлатларнигина ташвишга солмоқда. 1840-50 йилларда содир бўлган инглиз-афғон урушидан бошлаб то 2021 йилгача бўлган даврга қадар,  асрга яқин вақт мобайнида шўрлик афғонлар учун тинчлик неъмати бегона. Бу халқ фақат 1900 йилларда ҳокимият Амир Абдураҳмонга ўтишидан то 1979 йилда мазкур ерга Совет қўшинлари киритилишигача бўлган даврдагина бир қадар тинч ва тотув яшади, холос. Афғонистон советлар бу юртга ўз қўшинини киритган пайтдан бошлаб ортда қолган яқин йилларга қадар ҳокимият алмашинувлари, турли шахслар ва гуруҳларнинг келишмовчилиги, қон тўкилиши ҳамда кескин можаролар ичидан чиқмади. Бугун бу юртдаги пуштунлар ва миллионлаб туркий халқлар мамлакатдаги тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган фундаментал муаммолардан дод демоқда. Шундай экан, агар дунё етакчилари бу масалани узил-кесил ҳал қилиш ва миллионлаб афғон халқини азоб-уқубатдан халос қилишни ростдан ҳам исташса, бугун бунинг айни вақти.

Унутилган Афғонистон

5-6 июль кунлари Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон ўзининг жанубий чегарадоши бўлган Афғонистонни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

“Минг афсуски, жаҳоннинг бошқа минтақаларида уруш ва можаролар кучайиб бораётгани оқибатида ён қўшнимиз бўлган ва кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради. Афғонистоннинг хориждаги музлатилган молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонамиз. Янги воқелик шароитида Афғонистон масаласи бўйича Ташкилотимиз аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш масалалари ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларида асосий муҳокама мавзуси бўлиши лозим”.

Бугун Афғонистон ва унинг халқи дунё эътиборидан тушиб қолгани ва кўплаб сиёсий марказларнинг хотирасидан чиққани рост. 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида Афғонистонда тектоник ўзгаришлар содир бўлди. Ҳокимият учун бир неча йиллардан буён чираниб курашаётган “Толибон” ҳаракати ва ниҳоят ўз мақсадига етди. Аммо улар учун ҳаммаси энди бошланганди. Уларни дунё давлатлари билан давомли, узоқ ва мураккаб музокаралар кутаётганди. Аниқроқ қилиб айтганда эса демократик дунё ва “Толибон”нинг зиддиятли бошқарув тафаккури ўртасида муросасиз баҳс старт олди. Дастлабки қабул қилиб олинган зарбалардан бири бу – Афғонистон ташқи ёрдамларнинг катта қисмидан мосуво этилиши бўлди. “Толибон” томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг Германия Ташқи ишлар вазири мамлакат Афғонистонга шу пайтгача ҳар йили 505 миллион доллар ёрдам пакети ажратиб келгани ва аммо энди 1 цент ҳам бермаслигини маълум қилди. Устига-устак бу пайтда собиқ Афғонистон Ислом Республикасининг Германия банкларида сақланаётган молиявий активлари ҳам мавжуд эди. Дунё мамлакатлари ва Толибон ўртасидаги зиддият эса мамлакатнинг нафақат Германия, балки бошқа давлатлардаги шундай маблағларининг ҳам тақдирини сўроқ остида қолдириши аниқ эди. Халқаро ҳамжамият кун тартибида яхшигина масала ва ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо пайдо бўлди. “Толибон” ва унинг атрофидаги вазият ярим йил давомида дунё эътибори марказида бўлди. Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи “Толибон”дан инсон ҳуқуқлари, либерализм, аёллар ҳуқуқлари ва яна бир қанча талабларни бажаришини сўраш билан вақтни беҳуда сарфлади. Тез орада ер юзини янги ғавғо чулғаб олди. 2022 йилнинг 24 февралида Россия танклари Украина томон йўл олди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа континентида содир бўлган дастлабки энг йирик қирғинбарот урушнинг бошланиши эди. Ўз-ўзидан бундай кенг миқёсдаги кескинлик дунё эътиборини охирги томчисигача ўзига тортди. Бу шароитда Афғонистон Украина можаросининг соясида қолиб кетди. Орадан бир ярим йил ўтиб, 2023 йилнинг октябрида Исроилнинг Фаластинга нисбатан шафқатсиз агрессиясининг бошланиши эса “Толибон” ва дунёдан ёрдам кутаётган афғон халқининг масаласини ерга кўмди. Дунё уларни унутди.

Дунё афғонларга ўз пулларини қайтариши лозимми?

Унутилган Афғонистон юкининг оғир тошлари Ўзбекистон гарданига ҳам тушаётгани яққол кўриниб турибди. Нафақат бугун, балки сўнгги 30 йил давомида БМТ минбаридан Афғонистон учун жон куйдириб гапирилган сўзларнинг аксарияти ўзбек Президентларига тегишли. “Қўшнинг – тинч, сен –  тинч” деганларидек, Ўзбекистон учун халқаро муносабатлардаги асосий масалалардан бири бу Афғонистонда тинч ва барқарор сиёсий бошқарув ўрнатилишидир. Туркий Давлатлар Саммитидаги Шавкат Мирзиёев нутқининг афғон масаласига бағишланган қисми бу қўлловнинг мантиқий давоми бўлди. Президент Афғонистоннинг хориждаги музлатилган молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга ёрдам беришини таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам Афғонистон учун сув ва ҳаводек зарур бўлган ва аслида афғон халқига тегишли ҳисобланадиган хориждаги музлатилган активларнинг асл эгаларига қайтарилиши бугун бу юртдаги ижтимоий тарангликни маълум даражада юмшатиши мумкин.

Афғонистонга ёрдам ва энг аввало ўзининг пуллари қайтиб берилиши нечоғлик муҳим эканлигини у ердаги яшаш шароити ҳақида тасаввур қилиш ҳам этни жунжитадиган статистик рақамлардан осонгина англашимиз мумкин. Бугун Афғонистонда умумий ҳисобда 43 миллион аҳоли истиқомат қилади. БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг мамлакатдаги гуманитар вазият ҳақидаги ҳисоботига кўра, шу 43 миллион аҳолидан 14 миллиони оғир аҳволда ва улар шу кеча-кундузда очарчилик даражасида яшамоқда. Бу эса агар сиз Афғонистонга ташриф буюрсангиз, йўлингизда учраган ҳар 3 одамдан бири оч-наҳор эканлигини англатади. Аммо Save the Children халқаро ташкилоти бундан-да ёмонроқ инсайдни тақдим қилган. Ташкилот Афғонистон активларининг музлатилиши иқтисодий таназзулга, юқори ишсизликка ва кенг тарқалган очликка олиб келгани ва аҳолининг 50 фоизи ҳаддан ташқари очликдан азият чекаётганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, тиббий хизматнинг қолоқлиги ва мамлакатнинг катта қисмида бундай хизматнинг умуман йўқлиги Афғон диёрида кузатилаётган турмуш тарзидаги таназзулни янада кучайтирмоқда. Хусусан, тахминан 9,5 миллион киши тиббий муассасалар кам ёки умуман мавжуд бўлмаган ҳудудларда истиқомат қилади. Яъни бугун Афғонистондаги ҳар 4 кишидан бири мабодо қандайдир касаллик билан оғригудек бўлса, уларнинг қаршисида додини кимга айтиш ҳақида жавоби йўқ савол пайдо бўлади. Энг даҳшатлиси эса, охирги 3 йил ичида Афғонистондаги оғир яшаш шароити, очлик ва пулга муҳтожлик туфайли баъзи ота-оналар ўз фарзандларини сотган ҳолатлар жуда кўп кузатилган.

Гап қайси пуллар ҳақида кетяпти ва улар нега қайтарилмаяпти? 

“Толибон” Ашраф Ғанини ҳокимиятдан ағдарганидан сўнг, Қўшма Штатлар Афғонистон Марказий банкига тегишли бўлган ва Америка банкларида сақланиб келинаётган қарийб 7 миллиард доллар миқдордаги активини музлатиб қўйди. Ушбу пулнинг катта қисми Нью-Йорк Федерал захираси банкида сақланади. Бундан ташқари, Афғонистоннинг яна 2 миллиард доллар молиявий активлари Европа ва Осиёнинг айрим давлатларига қўйилганди. У пулларнинг тақдири ҳам қуюқ туман ичида қолди. Қўшма Штатлар ва бутун дунё бўйлаб музлатилган Афғонистон активлари 1980 йилдан бошлаб Эроннинг музлатиб қўйилган активларидан кейин АҚШ томонидан мусодара қилинган иккинчи ўриндаги энг катта маблағ ҳисобланади.

“Толибон” мамлакатни назоратга олиб, баъзи радикал ислоҳотларни амалга оширишни бошлаган маҳал Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон Банки ҳам Афғонистон билан боғлиқ фаолиятларини тўхтатганини эълон қилди. 

Афғонистоннинг банк тизими “Толибон” мамлакатдаги ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг қийинчиликка учради. Хорижий сармоя тўхтатилди ва Афғонистоннинг хориждаги активлари “Толибон” қўлига ўтиб кетмаслиги учун ушбу активларни назорат қилувчи тузилмалар хоҳиш-иродасига кўра музлатиб қўйилди. Афғонистон бу пайтгача фақатгина АҚШда молиявий активларга эга эмасди. Мамлакатнинг 2 миллиард доллар активлари яна 4 давлатда сақланарди. Булар Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Швейцария. Шундай қилиб, Афғонистоннинг хориждаги активлари умумий ҳисобда жами 9 миллиард долларни ташкил қилади ва бугун “Толибон”нинг асосий орзуси бу пулларни ортга қайтариш бўлиб қолмоқда. 

Қўшма Штатларда эса блокланган 7 миллиард доллар учун яхшигина баҳоналар мавжуд. 2021 йил августида Афғонистондаги аввалги тан олинган ҳокимият қулаганидан сўнг мамлакатнинг Нью-Йоркда очилган ҳисоб қайдномасига кириш ҳуқуқига ким эга эканлиги катта сўроқ остида қолди. Энди бу активларнинг эгаси бўлган собиқ Афғонистон Ислом Республикасидан асар ҳам қолмаган, мамлакатни амалда эгаллаган “Толибон” эса БМТ резолюциясига кўра “террорчи” ташкилот ва уни дунё ҳамжамияти, хусусан, АҚШ тан олмаган эди. Миллиардлаб маблағ эгасиз қолди ва уни энди легаллаштириш масаласи ўртага чиқди.

Пуллар қаерга сарфланади?

2022 йилда АҚШ Президенти Жо Байден бу пуллар борасида кутилмаган қарор қабул қилди. У Афғонистон марказий банки захираларининг АҚШ молия институтларидаги музлатилган 7 миллиардини 3 ярим миллиарддан тенг иккига бўлган ҳолда ярмини афғон халқининг манфаати йўлида ишлатишга, қолган ярмини эса Нью-Йорк Жаҳон савдо маркази биноларида 2001 йил 11 сентябрдаги терактдан жабр кўрган америкаликлар ва уларнинг яқинларига компенсация тўлаш учун ажратишни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Афғон халқига ажратилиши кўзда тутилган 3 ярим миллиард тушунарли, аммо аллақачон яраси битиб кетган 2001 йил 11 сентябрь воқеаларининг жабрдийдаларига тўланиши кўзланган пул нега очарчиликдан азият чекаётган шўрлик афғонларнинг ризқини қийиш орқали амалга оширилаётгани қабул қилиб бўлмас қарордир. Энг қизиғи, бу абсурд қарорга кўра афғон халқига топширилиши лозим бўлган пуллар очлик ва иқтисодий инқироздан азият чекаётган халққа “Толибон” қўлига тушмасдан етказилиши лозим. Аммо Афғонистонга кириши мумкин бўлган ҳар қандай ёрдам қандай қилиб “Толибон” постидан ўтмаслиги мумкин? Бу савол долзарб ва бир вақтнинг ўзида жуда кулгили ҳам. Аммо қарорда ушбу пуллар Афғонистон жамғармаси томонидан Швейцарияда жойлашган Халқаро ҳисоб-китоблар банкида ўз ҳисобини юритиши ва Афғонистон иқтисодиётига янада барқарорликни таъминлаш учун махсус тўловлар амалга оширилиши белгиланган. Аммо 2023 йилда айрим ахборот агентликларининг суриштирув ва хулосаларига кўра, Байден маъмуриятининг ушбу режаси амалга ошмай қолган ва бу борада лозим бўлган қадамлар ташланмаган, лойиҳа жойида тошдек қотган. Женевада рўйхатдан ўтган Афғонистон жамғармасига афғон халқи манфаати учун музлатилган 3,5 миллиард долларлик активларни ўзлаштириш учун тузилганидан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, ҳеч қандай маблағ ажратилмаган.

Бироқ Афғонистон халқи ўнлаб йиллар давом этган можаролар, қаттиқ қурғоқчилик, COVID-19 пандемияси ва яна бир қатор фундаментал муаммолар туфайли келиб чиққан гуманитар ва иқтисодий инқирозлар гирдобига тушиб қолган. CNN маълумотларига кўра, бугун бу мамлакатда атиги 5 кг вазндаги 3-4 ёшли болаларни, қоқсуяк гўдаклар ва ҳар 10-20 кунда тинимсиз тарзда тиббий хизматга муҳтож бўлган аҳолини учратиш одатий ҳолга айланган. Бу эса ҳозирда Афғон диёри жуда жиддий, мураккаб ва зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган соғлиқни сақлаш, болалар саломатлиги, чақалоқларнинг репродуктив ривожланиши ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби муаммолар билан юзлашаётганини англатади. Агар қандайдир мўъжиза билан музлатилган активлар “Толибон”га топшириладиган бўлса, улар бу пулларни юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш учун сарфлаши лозим. Бундай шароитда ҳарбий соҳани ривожлантириш эмас, балки халқнинг мазкур бирламчи эҳтиёжларини қондириш йўлини танлаши талаб этилади.

“Толибон”га ишонса бўладими?

Пуллар “Толибон”га топширилишининг энг асосий ва айни дамда амалга ошиши имконсиз бўлган шарти бу – унинг Қўшма Штатлар томонидан халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида де-юре тан олинишидир. Чунки агар АҚШ “Толибон” тузган амирликни давлат сифатида тан олса, бу дунё бўйлаб музлатилган афғон активларининг Афғонистонда тан олинган ҳокимият сифатида “Толибон”га топширилиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Бироқ Қўшма Штатларда яқин орада бундай режа йўқ бўлиши эҳтимоли юқори. Ҳар ҳолда уларнинг “Толибон” билан муносабатлари шундай хулосага келишимизга мажбур қилмоқда. Аммо бу ҳолатда бошқа сиёсий куч марказлари, хусусан, расмий Пекин ва Кремль АҚШдан аллақачон Афғонистон активларига қўйилган блокни олиб ташлаш ва уларни ўз эгасига қайтаришни талаб қилган. Хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Хитойнинг ташкилотдаги элчиси ўринбосари Генг Фхунг Афғонистондаги гуманитар инқирозни ва афғон халқининг гуманитар азобини енгиллаштиришга ёрдам бериш учун музлатилган активларни “тўлиқ” ҳолда ва “тезкор” тартибда қайтаришга чақирган. Шунингдек, Россиянинг БМТдаги элчиси ўринбосари Анна Евстигнеева шундай талабни илгари сурган.

Бироқ Вашингтон бу пулларни 20 йиллик можародан сўнг 2021 йилги воқеалар фонида  Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган кучларни мағлуб этган “Толибон”га топширишни истамайди. АҚШнинг юқори мартабали дипломати Жеффри Делаурентис Афғонистонда терроризмни жиловлашга жиддий ёндашаётган ҳеч бир давлат “Толибон”га Афғонистон марказий банкининг 3 ярим миллиард долларлик активлардан фойдаланишга рози бўлмаслиги керак, дея таъкидлаганди. Бу орқали у “Толибон” ҳозир ҳам террористик кланлар билан алоқа қилаётган бўлиши мумкин, деган гумонни илгари сурган. 

2023 йилгача БМТ Тараққиёт дастурининг Афғонистондаги раҳбари лавозимида фаолият юритган Абдуллоҳ Ал Дардарий “Reuters” агентлигига берган интервьюсида, пуллар афғон халқининг қўлига етиб бориши учун алоҳида махсус коридор тузилиши ва бу йўлак “Толибон” назоратида бўлмаслиги лозим дея таъкидлаганди. Унинг қўшимча қилишича, халқаро молия институтлари банк секторини қўллаб-қувватлаши ва бир вақтнинг ўзида бу орқали “Толибон”ни қўллаб-қувватламаётганига ишонч ҳосил қилиши лозим. Аммо кўриниб турибдики, Байден режасидан тортиб то ушбу лойиҳаларгача фақатгина қуруқ гаплар ва амалга ошиши жуда қийин бўлган вазифалар холос. Чунки бугун “Толибон”ни айланиб ўтиб, Афғонистонга бирон бир ёрдам қилиш ҳақидаги ўйланган режалар имконсиздек кўринмоқда. Агар бу Ғарб томонидан амалга оширилиши керак бўлса, масала янада қийинлашиши ойдек равшан.

Бундан ташқари, Европа ҳамжамияти ва бошқа демократик субъектлар “Толибон” ҳокимиятга қайтганига мана деярли уч йил тўлибдики, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва сиёсий бошқарувнинг ўта радикал услубидан норози. Ғарб давлатлари бу ҳолат янада кучайишидан хавотирда. Аммо “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин ташқи дунё талабларидан келиб чиқиб, 1994 йилдагидек йўлни танламади ва “толибонча” услубнинг даҳшатли структурасини қўлламади. Шундай бўлишига қарамай, бу ҳали ҳам камлик қилмоқда. БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Маркус Потзел “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин ижобий ўзгаришлар бўлган бўлса-да, “улар жуда оз ва жуда секин бўлиб, салбий томонлари кўп” эканлигини айтади. Унинг фикрича, халқаро ҳамжамиятда кўпчиликнинг Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати билан ҳамкорлик қилиш стратегиясига нисбатан сабри тугаб бормоқда.

Аммо Шарқ сиёсий майдонининг эгаси бўлиб бораётган Хитой мулозимлари бу борада майдалашиб ўтирмади. Хитой 2024 йил 30 январда “Толибон” элчисини қабул қилди. Бундай тан олиниш “Толибон” учун жуда катта сиёсий воқелик эди. Сабаби Хитой каби гигантнинг мамлакатга яшил чироқ ёқиши ҳазилакам нарса эмас. Бу ҳодиса дунёнинг “Толибон”га нисбатан қарашлари ўзгаришига олиб келиши кутилганди. Тахминлар маълум маънода ўзини оқлади. Бу воқелик Марказий Осиё ва Россияга “Толибон” масаласида олдинга силжиш учун стимул берди. Жорий йилнинг 27 май куни Россия Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари мамлакат Президентига “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълумот киритди. Ташқи ишлар вазири буни “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳақиқий кучга эга эканлиги билан боғлади. Бу ишни қўшни Қозоғистон ҳам амалга оширди. Улар савдо-иқтисодий ҳамкорлик важи билан “Толибон” гуруҳини террорчилар рўйхатидан чиқарди. Шунингдек, Россия бу масалада жуда муҳим нуқтани ҳам илгари сурди. Рус расмийлари Кремль дунё томонидан “Толибон”га юклатилаётган мажбуриятларни бажаришни талаб қилмаслигини таъкидлади ва бу билан толиблардан инсон ҳуқуқлари ва бир қанча халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишни тинимсиз тарзда сўраб келаётган Ғарбга ўзига хос сигнал ҳам берди. 

Бу сиёсий воқеа-ҳодисалар “Толибон”нинг унга яқин ёки қўшни бўлган мамлакатлар томонидан аста-секинлик билан бир-бир яқин келажакда тан олинишидан дарак бермоқда. Чунки танаси бошқа дард билмас деганларидек, агар Афғонистонда қандайдир беқарорлик юзага келгудек бўлса, унинг совуқ шамоли энг биринчи навбатда унга яқин бўлган мамлакатларда эсади, аммо бу изғирин океанорти ёки кўҳна қитъа деб аталувчи Европага етиб бориш эҳтимоли ёки салмоғи пастдир. Шунинг учун Ғарб дунёси Шарқ минтақасининг “Толибон”га қаратилган сиёсатига нисбатан пинагини ҳам бузмаяпти. Шундай қилиб, бугун Афғонистондаги асосий куч-қудрат эгаси бўлган “Толибон” Ғарб хоҳлагандек бўлишни истамайди, коллектив Ғарб эса музлатилган активларни агрессив сиёсий характерга эга бўлган толибларга топширишни хоҳламайди. Муаммо жуда мураккаб ва ечими вақт ҳукмида қолишда давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

“Толибон” музлатилган активлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made