Афғонистон Покистонга ҳаво ҳужумлари уюштирди
Олам
−
01 июл 2801 1 дақиқа
Афғонистон кучлари Покистондаги ИШИД объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Баёнотга кўра, ҳаво ҳужумлари Покистоннинг Балужистон вилоятидаги Саранан шаҳрида жойлашган, “Ислом давлати” (ИШИД) гуруҳига тегишли деб кўрсатилган объектга, шунингдек, Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги бошқа нишонларга қарши амалга оширилган.
Покистон армияси эълон қилган баёнотда эса дронлар ўз вақтида аниқланиб, уриб туширилгани маълум қилинган. Балужистон маҳаллий маъмурияти Саранандаги давлат мактаби яқинида дрон кузатилганини тасдиқлаган. Ҳодиса оқибатида икки киши жароҳатланган.
Лондонда жойлашган Халқаро стратегик тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, Афғонистонда қирувчи самолётлар мавжуд эмас, аммо мамлакат камида олтита ҳарбий самолёт ва 23 та вертолётга эга. Шунингдек, “Толибон” ихтиёрида Покистон билан тўқнашувларда қўлланган дронлар ҳам борлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон томонинг чегара ҳудудларида амалга оширган ҳаво зарбалари “террорчилик ҳужумлари”га жавоб бўлганлиги айтилганди. Афғонистон эса ушбу ҳужумлар оқибатида камида 28 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 49 киши жароҳатланганини билдирган.
Йил бошидан буён Афғонистон ва Покистон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди. Хитой воситачилигидаги кескинликни юмшатишга қаратилган уринишлар эса ҳозирча натижа бермаган.
Live
Барчаси