Афғонистонда икки Президент қасамёд қабул қилди. Энди нима бўлади?

Олам

image

Афғонистонда бир вақтнинг ўзида икки киши Президентлик учун қасамёд қабул қилди. Булар мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ашраф Ғани ва унинг асосий рақиби Абдулла Абдулла. Бу шуни англатадики, энди Афғонистон Ислом Республикасини икки нафар Президент бошқаради. 

Жаҳон тарихида деярли кузатилмаган бу жараён афғон халқи учун қимматга тушиши мумкин. Икки ҳокимиятлилик шундоқ ҳам инқирозга ботиб ётган мамлакат аҳволини янада тангликка етаклаши тайин. Шунингдек, айни ҳолат яқинда бўлиши кутилаётган ҳукумат ва "Толибон" ҳаракати ўртасидаги музокараларни сўроқ остида қолдиради.

Келинг, бу жараёндан сўнг томонларнинг келгуси ҳаракатларини таҳлил қилиб чиқамиз.

АШРАФ ҒАНИНИНГ КЕЙИНГИ РЕЖАЛАРИ ҚАНДАЙ?

Сайловларда Ғани катта сиёсий устунликка эгалиги кўриниб турганди. Чунки Ғанини чет эллик дипломатлар, жумладан, АҚШнинг махсус вакили Залмай Халилзод ва НАТО кучлари қўмондони Скот Миллер қўллаб-қувватлаётганди.

Мамлакат аҳолисини аксари Ашраф Ғани Президент бўлишини қўллаб қувватламоқда. Айниқса, Ғани бошланган тинчлик жараёни якунига етказилишига умид катта.

Илгари АҚШ ва "Толибон" ўртасида асирларни алмашиш тўғрисидаги келишувга риоя қилишдан бош тортган Ғани энди "Толибон" асирларини тинчлик жараёнини олдинга силжитиш учун озод қилишини айтди.

АБДУЛЛА УЧУН ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТЛАР БОР?

Бу Абдулла Абдулла учун учинчи президентлик сайлови ҳисобланади. Аввалги сайловда мағлубиятга учрагач, Абдулла ҳокимиятни вице-президент бўлишига кўндиради. Аммо у кейинчалик Ғани билан деярли мулоқот қилмайди.

Ўзининг қасамёд маросимида Абдулла ҳам тинчлик жараёнига содиқлигини эълон қилди. Кейинги музокараларда ижобий натижага эришишни мақсад қилганини айтди.

“Ҳукуматимизнинг асосий вазифаси сиёсий барқарорлик ва музокаралар гуруҳини шакллантиришдан иборат. Тинчлик учун қурбон бўлишга тайёрмиз ва бунда ўзимизни аямаймиз" деди у маросимда.

Таҳлилчилар Абдуллани руҳлантирган нарса Ғанига рақиб бўлган сиёсий кучлар эканлинини таъкидлашади.

"Абдулла, Ғани режаларига қарши тура оладиган муҳим сиёсий раҳбарларнинг қўллаб-қувватлашидан руҳланади. Шундай экан, Ғани учун афғонлараро музокараларни якка ўзи олиб бориш жуда қийин кечади. Шунингдек, "Толибон" бошқа сиёсий раҳбарларга қарши бўлган бирон бир гуруҳ билан гаплашишни истамайди", ", дейди Ал-Жазира таҳлилчиси Файз Муҳаммад Заланд.

Бошқа бир таҳлилчининг таъкидлашича, Абдулланинг АҚШ билан тескари муносабати музокараларга салбий таъсир қилиши мумкин.

“Абдулланинг инаугурация маросимида америкалик дипломатларнинг йўқлиги, унинг АҚШ томонидан ташлаб қўйилганлигидан далолат беради. Бу шуни англатадики, Абдулла АҚШ - "Толибон" келишувига қарши бўлиши мумкин" дейди Ашраф Ғанининг собиқ катта маслаҳатчиси ва НАТОнинг Афғонистондаги вакили Муҳаммад Шафиқ Ҳамдам.

АҚШ НИМА ДЕЙДИ?

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео расмий Вашингтон Афғонистонда "параллел ҳукумат" тузишга "кескин" қарши эканини айтди. Бу борада у Абдулла Абдуллага ўз "танбеҳларини" айтиб ўтганини ҳам билдирди.

"АҚШ Афғонистонда параллел ҳукумат тузишилишига кескин қарши. Бу мамлакатни инқирозга етаклайди. Афғонистон халқининг тинчликка интилишини эътироф этган ҳолда, Қўшма Штатлар иккала томонни ҳам келишувга эришиши учун ҳаракат қилмоқда", дейди Помпео.

Ўз навбатида, Қўшма Штатлар қўшинларни олиб чиқишни эълон қилди. АҚШ-Афғонистон бирлашган кучлари полковниги Сонни Леггет "Толибон" билан тузилган шартномага мувофиқ, АҚШ қўшинлари 14 ой давомида олиб чиқиб кетилишини маълум қилди. Бу вақт ичида мамлакатда афгонлараро келишув имзоланиши мақсадга муофиқ эканлигини таъкидлади. Лекин у айни пайтдаги вазиятга кескин қаршилигини билдириб ўтди.

"Мен Афғонистон ҳукумати қулаш арафасида турганини ҳис қиляпман ва икки Президент бир вақтнинг ўзида Афғонистонни қонли фуқаролик урушига олиб келиши мумкин", дейди Леггет.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Президент Толибон Майкл Помпео Абдулла Абдулла Ашраф Ғани

Баҳолаганлар

402

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг