Афғондан кетаётган АҚШ қўшинлари сарсон. Покистон — сўнгги имкон. Исломободнинг эса ўз талаблари бор
Олам
−
20 Июнь 2021
23142Покистон АҚШ Марказий разведка бошқармасига ўз ҳудудидаги ҳарбий базалардан “Ал-Қоида” террористик тармоғи, “Исломий давлат” гуруҳи ва “Толибон” ҳаракатига қарши трансчегаравий операцияларни ўтказиш учун фойдаланишга рухсат бериш имкониятини қатъиян рад қилмоқда. Бу ҳақда Покистон Бош вазири Имрон Хон “Axios” янгиликлар порталига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Имрон Хон АҚШга терроризмга қарши операцияларни ўтказиш учун базалар тақдим этиш имконияти тўғрисида саволга қуйидагича жавоб берди:
“Ҳеч қанақасига биз [Марказий разведка бошқармасига) Покистон ҳудудидан Афғонистонга қарши ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳарбий база бермаймиз”.
Жорий йилнинг 8 июнь куни Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайши ҳам “америкаликларни ҳарбий базалар билан таъминлаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, дея мамлакат позициясини маълум қилганди.
Ўтган ҳафта “The New York Times” газетаси АҚШ Президенти Жо Байденнинг буйруғига биноан Америка қўшинларини Афғонистондан шошилинч равишда олиб чиқиб кетиш бу мамлакатда кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Марказий разведка бошқармасини зудлик билан янги “база” топишга мажбур қилгани ҳақида хабар берди. Америка нашрининг ёзишича, АҚШда базани кўчириш учун танлов имконияти деярли йўқ ва Покистон энг асосий даъвогардир.
Покистон консультацияси
Исломобод билан музокаралар, жуда қийин кечмоқда, чунки Марказий разведка бошқармасида вақт чекланган — АҚШ ҳарбийлари июль ойининг ўрталарига келиб Афғонистонни тарк этишга ҳаракат қилмоқда.
Нашрга кўра, Покистон ҳукумати узоқ вақтдан бери “Толибон” ҳаракатига ҳомийлик қилиб келган ва ҳозирги шароитда “Ал-Қоида” билан яқин алоқада бўлган толибларнинг амбицияларини жиловлаш учун америкаликларнинг иттифоқчиси сифатида ҳаракат қилишга шошилмаяпти.
“Axios”нинг қайд этишича, Бош вазир Хон узоқ вақтдан бери Покистон ва АҚШнинг аксилтерроризм ҳамкорлигига қарши бўлиб келган. Америка расмийлари эса ҳанузгача Покистон билан ҳарбий базалардан фойдаланиш бўйича махфий келишувга эришамиз, деб умид қилмоқда.
“The New York Times”га кўра, покистонликлар ўз мамлакатидаги ҳарбий базадан фойдаланиш эвазига Америкадан турли чекловларни талаб қилган. Манбага кўра, Покистон АҚШнинг Афғонистон бўйлаб зарбаларини тасдиқлаш ҳуқуқига эги бўлмоқчи. Бу эса расмий Исломободга АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонда ўтказадиган бўлажак операциялари устидан қисман назорат ўрнатиш имкониятини беради.
Қайд этиш керакки, Жанубий Осиёда етакчи ролни ўйнашга интилаётган Покистон, аллақачон, АҚШнинг бу минтақадаги ишончли иттифоқчиси бўлишдан воз кечган. Бунга жавобан 2018 йилда ўша даврдаги АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон учун ажратиладиган молиявий кўмакни тўхтатган. Трамп ўз қарорини Покистоннинг ҳаракатсизлиги ва Америкага фойдаси тегмаётгани билан изоҳлаганди.
Покистон бугунги кунда АҚШга қарама-қарши бўлган Хитой ва Россия ҳамда Туркия билан анча яқин. Бундан ташқари расмий Исломободнинг Афғонистон борасида ўз режалари бор ва у “Толибон” билан ўзининг мустақил сиёсатини юритмоқда. “Толибон” ҳаракатининг эса Афғонистондаги таъсири ортиб бормоқда. Ҳаракат мамлакатнинг тахминан 40 фоизга яқин ҳудудини ўз назоратига олган. Бундан ташқари, толиблар сўнгги уч куч ичида Афғонистоннинг 4 та туманини ҳам эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси