Афғон биродарларимиздан кучли ва аниқ кафолатларни олдик – Комилов
Жамият
−
07 Октябрь 2021
12267“Толибон” Афғонистон заминидан Ўзбекистонга қандайдир хавф ёки таҳдид бўлишига ҳеч қачон йўл қўймасликка ваъда берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистонга ташрифи сўнггида маълум қилди.
Бугун, 7 октябрь куни Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумати вакиллари билан учрашди. Учрашув якунида Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзбек тилининг Афғонистондаги тақдири бўйича ҳам тўхталиб ўтган.
"Афғонистон заминида узоқ вақтдан буён истиқомат қилиб келаётган ўзбек ватандошларимизнинг тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этади", дейди Комилов.
Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалалар, жумладан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоқлари ва “Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олган.
Ўз навбатида, Афғонистон томони ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинган ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини маълум қилган.
“Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Қобул томонидан қатъий таъкидланди”, дейилади ТИВ хабарида.
Томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.
Шавкат Мирзиёев номига айтилган ташаккурлар
Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирган.
Афғонистон томони Ўзбекистон Президентининг мамлакатнинг янги ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш чорловини юқори баҳолаган.
Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига “Мозори-Шариф” халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон – Афғонистон чегарасининг узлуксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдирган.
Ушбу учрашувда “Толибон”дан кимлар иштирок этди?
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари А.Ҳанафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этган.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амирхон Муттаки билан алоҳида музокаралар олиб борилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь