Аэропортда соғлиғи ёмонлашган аёлнинг ўлими юзасидан тиббий экспертиза тайинланди
3-саҳифа
−
08 Октябрь
9526Аввалроқ, Дубай-Тошкент авиарейсида учиб келган 38 ёш атрофидаги аёл божхона текширувида ушланиб қолгани ва оқибатда соғлиғи ёмонлашиб, шифохонага олиб кетилаётганда вафот этгани хабар қилинганди. Марҳуманинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
“Олинган сўнгги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшаган 1986 йилда туғилган аёл Дубай-Тошкент авиарейсида учиб келиб, соғлиги ёмонлашганлиги сабабли, Чилонзор туманида жойлашган РШТЁИМга олиб келинган. Тиббий реанимацион муолажаларга қарамасдан, аёлда биологик ўлим ҳолати қайд этилган”, дейди Бош прокуратура матбуот котиби.
Билдирилишича, ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 7 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:34 да Тошкент халқаро аэропорти тиббиёт пунктига йўловчининг учиб келиш залида ўзини ёмон ҳис қилаётгани ҳақида хабар келиб тушгани, тез ёрдам машинаси соат 18:32 да йўловчини Тошкент аэропортининг учиб келиш залидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетгани хабар қилинганди.