Адлия вазирлиги ОАВ сарлавҳалари ортидан қувишни қачон тўхтатади?
Жамият
−
19 Декабрь 2019
5669Куни кеча "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар" мунозара клуби мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Адлия вазири Руслан Давлетов давлат тили ҳақида ўз фикрларини ўртоқлашган эди. Вазирнинг нутқида айтган сўзлари асосида QALAMPIR.UZ сайтида Адлия вазири: “Ишчи тили – рус тили, иложимиз йўқ” номли хабар эълон қилинди.
Унда вазир қонун лойиҳаларини тайёрлашда хорижлик мутахассислар билан биргаликда ишланаётганлиги, рус тили ишчи тил эканлигини айтганлиги баён этилган. Ушбу нутқда айтилган гап сарлавҳага олиб чиқилганди.
Вазирлик раддияси
Маълум вақт ўтганидан сўнг, ташкилот томонидан раддия эълон қилинди. Раддияни вазирлик Матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева ўзининг Telegram саҳифасига жойлаштирди. Унга кўра, бу гапни контекстдан узиб олгани сабабли, умуман қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ишчи тил рус тилидир, деган нотўғри маънони келтириб чиқарувчи сарлавҳа хабарга қўйилган. Бу эса фуқароларда нотўғри хулосалар юзага келишига сабаб бўлмоқда – деган сўзлар акс этган. Шунингдек, вазирнинг сўзлари нотўғри берилганлиги таъкидланган ва бир неча қонунлардан мисоллар келтирилган.
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасида раддия бериш ҳуқуқи белгиланган. Бу бўйича ҳар кимнинг ўз ҳуқуқлари мавжуд ва таҳририят буни қўллаб-қувватлайди. Лекин шу ўринда саволлар пайдо бўлади: бутун матндаги маъно фақатгина сарлавҳанинг ўзида келтирилиши мажбурий эканлиги бирор қонун нормасида келтирилганми? Контекстдан юлиб олиб нотўғри талқин этиш масаласи тартибга солинган хужжат мавжудми? Бу иш муомаласи одатларидан келиб чиқиб бажарилади. Журналистикага оид бундай қоидаларда сарлавҳа тайёрлаш техникалари мавжуд ва бу ҳолатда муштарийга муаллиф сўзидан мисол келтириш қайси этика нормаларига зид? Келинг, асосий низога сабаб бўлаётган жумлалар бўйича таҳририят ва вазирлик берган ахборотни солиштирамиз.
QALAMPIR.UZ хабарида:
“Мана биз фуқаролик кодексини ишлаб чиқяпмиз. 10дан ортиқ хорижлик мутахассислар ишламоқда. Ишчи тили – рус тили, иложимиз йўқ. Аввалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек тилида бўлишини талаб қилишарди. Ҳозир энди лойиҳани талаб қилишни бошлашди. Бу тўппа-тўғри талаб. Биз ҳам шунга интиляпмиз. Буни янада назоратга оламиз. Сиз ўйлаганни биз 10 баробар кўп ўйлаймиз. Лекин бизда давлат тилини Адлия вазирлиги назорат қилмайди. Бунда бизда ваколат йўқ”, – дейди Давлетов.
Адлия вазирлиги раддиясида:
“Мана биз ҳам бу йил Фуқаролик кодексини ишлаяпмиз. У ерда ўндан ортиқ хорижлик экспертлар бор. Ишчи тили – рус тили, иложимиз йўқ. Чунки у сиз ишчи гуруҳда ишлаётган бўлса... Лойиҳа тўғрисида гап кетяптида... Олдин ҳамма норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рус тилида дердик, бошқа дердик. Ҳозирда лойиҳани талаб қилишни бошланди (давлат тилида). Тўппа-тўғри талаб. Биз ҳам шунга интиляпмиз”.
Ушбу жумлаларда маъно жиҳатидан қандай фарқ мавжуд?
“Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида “Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш” каби ҳуқуқлари келтириб ўтилган. Таҳририят томонидан эълон қилинган хабарда эса вазирнинг сўзлари ўзгартирилмай сарлавҳага олиб чиқилган.
Раддия хулоса қисмида – “Юқоридагиларни эътиборга олиб, Адлия вазирлиги “Qalampir.uz” нашрини мансабдор шахснинг шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳамда жамоатчилик фикрини чалғитувчи ахборот тарқатмасликка чақиради” деган жумлалар келтирилган. Таҳририят ушбу масалада вазирлик томонидан аниқлик киритилишини сўрайди. Қайси маълумотлар мансабдор шахснинг шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ва жамоатчилик фикрини чалғитувчи ахборот дея баҳолангани биз учун муҳим.
Адлиянинг ахборот майдонидаги “кучлари”
Майли, бу саволлар ва фикрлар ўз йўлига. Ҳамманинг бир ҳолатга қараши турлича ва ҳар кимнинг ўз талқини бор. Бироқ, уни эълон қилишда ҳам одоб нуқтаи-назаридан иш юритиш лозим.
Раддия аввал айтганимиздек, Севара Ўринбоеванинг шахсий каналида эълон қилинди. Сўнгра, вазирлик расмий сайтига ҳам жойланган. Бироқ, томоша кейин бошланди...
Шундан сўнг, раддия матни Telegram мессенжеридаги @huquqiyaxborot саҳифасида эълон қилинди. Кўпчиликка ўзининг қонунчиликдаги ўзгаришлар ва ахборотлар тарқатиши билан маълум бўлган бу саҳифанинг вазифаси нима ўзи? Каналнинг ўзида “Янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал” дея таърифланган. Энди бу раддияни қонун ҳужжати ёки ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумот деб ҳисобласак бўладими?
Жаҳон хамжамиятида бир сўзга ОАВ томонидан турли ракурсдан қараш кузатиладиган ҳолат ва ҳозирги замон раҳбарлари буни тўлиқ англайди. Бир масала юзасидан тарафлар фикрлари ўхшаш бўлмаслик эҳтимоли юқори. Бироқ фикрни қаерда ва қандай эълон қилиш муҳимдир. Адлия вазирлиги ўзининг холис контентларидан субъектив мақсадларда фойдаланмаслигини сўраб қоламиз. Адлия вазири Руслан Давлетовнинг матбуотда фаоллигини кузатиб борамиз. Олий Мажлиси Сенатидаги ва матбуот анжуманларидаги ўткир нутқларини ёритиб боришда давом этяпмиз. Вазир ўрнак бўлаётган вақтда, унинг қўл остидагилар ҳам муносиб бўлиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.