Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг хориждаги активларини қайтариш бўйича маълумот берди
Жамият
−
15 Июнь 2020
12061Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг хориждаги активларини қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этяпти. Бу ҳақда бугун, 15 июнь куни Адлия вазирлиги Матбуот котиби Севара Ўринбоева брифингда маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганидан хабардорсиз.
Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонга қайтарилган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик даъвоси бўйича Париж шаҳри судининг 2019 йил 29 июндаги қарори ижроси доирасида мусодара қилинган Париж шаҳри Марашал Манури кўчасидаги “Triplex” турар жой мажмуасида жойлашган кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилди ва умумий тартибда ишлатилади. Жумладан, Франциядан қайтарилган маблағлар сарф қилиниши режалаштирилган ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақида шаффоф маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам ва даврий тақдим қилиб борилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Молия вазирлигининг мутасадди вакилининг чиқишида батафсил тўхталиб ўтилади”, деди Севара Ўринбоева.
Аввалроқ, Адлия вазирлиги Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттириб, хорижий давлатларга олиб чиқиб кетган маблағларни қайтаришда Гулнора Каримованинг ўзи ёхуд бошқа бирор оила аъзосининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
LiveБарчаси