Адлия вазирлиги Фарғона шаҳар ҳокимининг қарорига нисбатан тақдимнома киритди

Жамият 4649
image

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Фарғона шаҳар ҳокимининг “Бир нечта хусусий мулк объектларини ҳокимлик захирасига олиб қўйиш тўғрисида”ги қарорини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритди. Айни вақтда вазирликнинг унинг ижроси устидан назорат ўрнатган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Гап шундаки, Фарғона шаҳар ҳокимининг жорий йилнинг 19 сентябрь куни имзолаган 965-сонли қарори билан “Constant Trading” МЧЖ ва бошқа хўжалик субъектларига тегишли хусусий мулки – бино-иншоотлари олиб қўйилган. 

“Фарғона шаҳар ҳокими ваколат доирасидан четга чиқиб, тадбиркорларни хусусий мулк ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда уларга тегишли йирик объектларни бир неча йиллардан буён бўш турганлиги ҳамда самарали фойдаланилмаётганлиги важи билан ҳокимлик захирасига олган”, дейилади хабарда.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасида хусусий мулкка тажовуз қилишга, қонунга хилоф равишда хусусий мулк ҳуқуқини чеклашга ва (ёки) ундан маҳрум қилишга бевосита ёки билвосита қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда тегишлича 1921 ва 2411-моддаларида хусусий мулкдорларнинг мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаганлик ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.

“Ушбу ҳолат бўйича жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун прокуратура органларига тегишли материаллар тайёрланмоқда”, дея қўшимча қилди Адлия вазирлиги.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 88
Рейтинг: 3
t
×
×