Адлия вазирлиги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўйича эслатма билан чиқди
Жамият
−
18 Сентябрь 2019
9497Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш тартиби ҳақида махсус эслатма билан чиқди.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш шартми?
Ҳа шарт. 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилиши керак.
Эски гувоҳномада амал қилиш муддати кўрсатилмаган ёки муддати ҳали тугамаган бўлса-чи?
Эски намунадаги гувоҳнома берилган санасидан ва амал қилиш муддатидан қатъи назар, кўрсатилган муддатгача янгисига алмаштирилиши шарт.
Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Фуқаролик паспорти, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони.
Қаерда алмаштириш керак?
Доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказлари ёки марказда бундай хизмат мавжуд бўлмаган ҳудудларда ЙҲХБнинг тегишли бўлинмаларида.
Қанча тўлов тўланади?
Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи (ҳозирда 156 100 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
Қанча муддатга берилади?
Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади.
Эски намунадаги гувоҳномалари қачонгача ҳақиқий ҳисобланади?
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 2021 йил 1 январгача ҳақиқий ҳисобланади.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган муддатда алмаштирилмаса, нима бўлади?
Эски гувоҳнома билан автотранспорт воситасини бошқарган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади.
Янги гувоҳнома шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадими?
Ҳа. Янги намунадаги гувоҳномага эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 мартдаги қарори билан миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритилган бўлиб, киритилган қўшимчаларга мувофиқ, гувоҳномаларни алмаштиришда қуйидагиларни талаб қилиш тақиқланди:
• ҳайдовчининг имтиҳон варақаси;
• миллий гувоҳномани берган ЙҲХБ тасдиқномаси;
тиббий маълумотнома;
• транспорт воситасини 12 ой бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Яъни, 2020 йил 31 декабргача миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги гувоҳномаларга алмаштириш учун паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талонигина тақдим этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь