Абрамович судда “дамини олди”
Олам
−
20 Декабрь 2023
12531Люксембургдаги Европа суди бугун, 20 декабрь куни россиялик тадбиркор Роман Абрамовичнинг Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши фонида Европа Иттифоқининг уни санкциялар рўйхатига киритиш қарори устидан берган шикоятини рад этди.
Абрамович 2022 йил март ойида россиялик амалдорлар, бизнесменлар ва олигархлар билан бирга Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Европа Иттифоқи уни Владимир Путин билан узоқ йиллик ва яқин алоқаларга эга ва президент билан алоқада бўлиш ҳуқуқига эга бўлганини ва у билан жуда яхши муносабатларни сақлаб қолганини айтиб келади.
ЕИ маълумотларига кўра, бу алоқалар магнатга катта бойлигини сақлаб қолиш имконини берган ва шунинг учун у Қримнинг аннексия қилиниши ёки Украинадаги беқарорлик учун масъул бўлган Россия раҳбарларидан фойда кўрган.
Европа Иттифоқи, шунингдек, Абрамович Россиянинг етакчи бизнесменларидан бири сифатида Россия ҳукумати учун муҳим даромад манбаи бўлганини таъкидлайди.
Ишбилармон ўз даъвосида бу қарорни Европа Иттифоқи қонунчилигида кўзда тутилган асосий ҳуқуқларига асоссиз аралашув деб атаган ва Европа Иттифоқининг баҳолашида аниқ хато борлигини айтган. Суд эса бу далилларга ишонмади.
Жорий йилнинг май ойида Абрамович ўзига нисбатан қўлланилган санкциялар юзасидан Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Шунингдек, миллиардерлар Михаил Фридман ва Пётр Авен ҳам тегишли аризаларни топширди. Россиянинг ВЭБ.РФ давлат корпорацияси ва унинг раҳбари Игорь Шувалов, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг куёви Александр Винокуров, ишбилармонлар Дмитрий Пумпянский, Вадим Мошкович, Игорь Кесаев, Андрей Мильченко, Дмитрий Мазепин ҳам судга даъво аризаси билан чиқди. Европа судига биринчилардан бўлиб даъво аризаси билан мурожаат қилган миллиардер Алишер Усмонов бўлиб, унга қарши Брюссель 28 февраль куни шахсий санкциялар киритган эди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15