Аборт конституциявий кафолатланган ҳуқуқлар рўйхатидан чиқариб ташланди

Олам 12334
image

АҚШ Олий суди 1973 йилда конституциявий кафолатланган аборт ҳуқуқини ўрнатган “Роу Уэйдга қарши” ишини бекор қилди. 

Олий суднинг тўққиз нафар аъзосидан олти нафари аборт қилиш ҳуқуқини кафолатланган рўйхатдан олиб ташлаш учун овоз берди. 

Шу билан бирга, Олий суд абортга рухсат бериш масаласини штатларнинг ихтиёрига қолдирди. 

Суднинг консерватив судьяси Самуэль Алито фикрига кўра, “Роу Уэйдга қарши” қарори "аниқ хато" бўлиб, уни бекор қилиш керак эди. 

Суд қарорида айтилишича, “Роу Уэйдга қарши” иши бўйича ҳукм “ўта заиф асосга эга” ва “зарарли ижтимоий оқибатларга олиб келади”. 

Қарор матнида “аборт қилиш ҳуқуқи тарихий илдизлардан холи ва мамлакат анъаналарига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги” қайд этилган. 

Бир неча ой давомида Американинг кўплаб шаҳарларида мамлакат олий судининг ҳомиладорликни тўхтатиш ҳуқуқини бекор қилиш режаларига қарши намойишлар бўлиб ўтди.

Маълумот учун, “Роу Уэйдга қарши” – АҚШ Олий судининг абортнинг қонунийлиги тўғрисидаги муҳим қарори. Бу Қўшма Штатлар тарихидаги энг сиёсий аҳамиятга эга қарорлардан биридир. 

Суд қарорига кўра, аёл ҳомила ҳаётга лаёқатли бўлгунга қадар ҳомиладорликни ўз хоҳишига кўра тугатиш ҳуқуқига эга. Ушбу қарор контекстида яшовчанлик автономияни, "онанинг танасидан ташқарида, шу жумладан тиббий ёрдам билан мавжуд бўлиш қобилиятини" англатади.  Автономияга эришишнинг тахминий вақти 7 ой (28 ҳафта) аммо, чегарани 24 ҳафтага тушириш мумкин. Ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида фақат ҳомиланинг сақланиши она учун хавф туғдирса, аборт қилиш мумкин. Бу қоида “Дое Болтонга қарши” ишидаги қарор билан ўрнатилди. Қарор, ўн тўртинчи тузатишнинг тегишли жараён бандидан келиб чиқадиган шахсий дахлсизлик ҳуқуқига асосланган эди.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 168
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×