Абитуриентларнинг ярмидан кўпи 5 та йўналиш танлаш имконияти сабаб талаба бўлди
Жамият
−
29 Август 2023
9986Абитуриентларнинг 56,9 фоизи бештагача таълим йўналишини танлаш имкониятидан фойдаланган ҳолда талабаликка тавсия этилган. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги маълум қилди.
Билдирилишича, 2023-2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синови натижаларига кўра, 193 минг 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Шундан 180 мингга яқини умумий қабул параметрлари доирасида ўқишга кирган.
Ушбу кўрсаткичнинг баланд бўлишига 1 эмас 5 та йўналиш танлаш имкониятининг жорий этилгани сабаб бўлган. Чунки бу абитуриентларнинг қарийб 57 фоизи рўйхатдаги биринчи йўналишга кира олмаган. Агентлик маълумотларига кўра, уларнинг:
• 77 520 нафари (43,1 фоиз) – биринчи таълим йўналишига
• 102 279 нафари (56,9 фоиз) – иккинчи-бешинчи таълим йўналишига талабаликка тавсия этилган.
Шунингдек, талаба бўлишда абитуриентларга яна бир – давлат гранти устуворлигини танлаш имконияти яратилди. Бунда абитуриентлар таълим йўналишларини танлаётганда “давлат гранти устуворлиги” бўлимини танлашлари керак бўлади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда 42 минг 655 нафар абитуриент давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган бўлиб, уларнинг 32 минг 818 нафари умумий қабул параметрлари доирасида ўқишга қабул қилинган. Шулардан 15 минг 715 нафари (47,9 фоиз) ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда иккинчи-бешинчи таълим йўналишига давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган.
Давлат гранти устуворлиги бўлими белгиланмаган тақдирда мазкур абитуриентларнинг аксарият қисми биринчи таълим йўналишига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган бўларди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ўқишни хорижий ва нодавлат ОТМлардан давлат ОТМларига кўчириш бўйича ўтказилган тест имтиҳонларида жами 41 122 нафар талабгор иштирок этди. Аммо уларнинг 89,2 фоизи ўтиш учун белгиланган минимал 56,7 баллни ҳам йиғолмаган.
LiveБарчаси