Абитуриентлар диққатига!
Жамият
−
26 Сентябрь 2019
6931Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танланган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фанни киритилиши назарда тутилган.
Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги мутахассислари томонидан маъқулланган мажбурий фанлар ҳамда бакалавриатнинг таълим йўналишига мос фанлар бўйича тест топшириқларининг тақсимоти ва баҳолаш механизми бўйича қуйидаги таклиф кенг жамоатчилик, ота-оналар ҳамда абитуриентлар диққатига муҳокама учун тақдим этилмоқда:
Мажбурий фанлар:
Она тили – 15 та савол, ҳар бири учун 2.1 баллдан;
Математика – 15 та савол, ҳар бири учун 2.1 баллдан;
Ўзбекистон тарихи – 15 та савол, ҳар бири учун 2.1 баллдан.
Жами тўплаш мумкин бўлган балл – 94.5 балл.
Таълим йўналишига мос фанлар:
1-фан – 30 та савол, ҳар бири учун 3.1 баллдан;
2-фан – 30 та савол, ҳар бири учун 3.1 баллдан.
Жами тўплаш мумкин бўлган балл – 186 балл.
Мажбурий фанлар бўйича абитуриентларга бериладиган саволлар биринчи мураккаблик даражасидаги саволлар бўлиб, уларга жавоб учун – она тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан бир дақиқагача, математика фанидан – 1,5 дақиқагача вақт ажратилиши мўлжалланган.
Тест топшириқларига жавоб бериш ҳамда жавобларни жавоблар варақасига кўчириш билан бирга тест синовларига жами 3 соат вақт ажратилиши таклиф этилмоқда.
LiveБарчаси